16995

Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими татбиқ этилди (ФОТО)

Тиббиёт 5 сентябрь 12:22 547

Академик В.Воҳидов номидаги Республика иxтисослаштирилган xирургия марказининг операцион мажмуалари ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими билан таъминланди. Бундай тизим юртимиз тиббиётида биринчи марта қўлланилмоқда.

Жорий йилнинг 20 июнида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори доирасида ҳамда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан академик В.Воҳидов номидаги Республика иxтисослаштирилган xирургия марказининг барча операцион мажмуалари Европа стандартлари талаблари асосида қайтадан реконструкция қилинди. Бунинг учун давлат бюджетидан 12 миллиард сўм маблағ ажратилди.

— Ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш, бу йўналишга замонавий техника ва технологияларни олиб кириш ва даволашнинг энг илғор усулларини амалиётга татбиқ этиш замонавий тиббиёт олдида турган долзарб масалалардан бири, — дейди Республика иxтисослаштирилган xирургия маркази директор ўринбосари Миржамол Зуфаров. — Мана шу мақсадда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан  xирургия марказимиз Франция ва Италияда ишлаб чиқарилган вентилация ва кондиционерлаш каби жараёнларни дунё стандартлари талаблари даражасида бошқарувчи техникалар ҳамда мураккаб операцияларни ўтказиш учун зарур бўлган ускуналар билан жиҳозланди. Тўғрисини айтганда, марказда жуда катта иш амалга оширилди. Унинг кўламини яхшироқ англаш учун биргина мисол келтираман: марказимизда йилига 8 мингга яқин юқори технологик, мураккаб ва миниинвазив операциялар бажарилади.

alt

Бугунги кунда юрак ва қон томирларида сунъий қон айланиш шароитида бажариладиган очиқ операциялар, айниқса янги туғилган чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш каби ўта мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Операцияларнининг муваффақиятли чиқишида шароит катта роль ўйнайди. Бугун ўрнатиб берилган вентилация, кондиционерлаш тизими ёрдамида операция хонасига узатиладиган ҳаво уч босқичли жараёнда тозаланади. Учинчи тозалашдан кейин ҳаво 99,9 фоизгача стериль ҳолатда бўлади. Бундай шароитда жарроҳлик амалиётини ўтказиш унинг муваффақиятли чиқишини таъминлаб, кўплаб асоратларнинг олдини олиш имкони яратмоқда. Бугун бутун мараказимиз ушбу техникани катта қувонч билан кутиб олгани сабаби ҳам шунда.

alt

2012 йилда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида замонавий кардиохирургия мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилган эди. Тўрт қаватли мазкур мажмуа кардохирургия йўналишида фойдаланадиган замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган. Мажмуанинг биринчи қаватида кунига икки юз нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказишга мўлжалланган поликлиника, қон қуйиш станцияси, стационар шароитда даволанадиган беморларни қабул қилиш хонаси, иккинчи қаватида янги туғилган чақалоқлардан уч ёшгача бўлган болаларнинг туғма юрак нуқсонларини даволаш бўлими ҳамда ангиографик жарроҳлик хоналари мавжуд. Муассасанинг учинчи қаватида кардиохирургия бўлимининг палата, гемодиализ ва трансплантация бўлимлари, клиник-диагностика лабораторияси ҳамда диагностика хоналари жойлашган. Тўртинчи қаватда эса реанимация бўлими ва кардиожарроҳлик хоналари мавжуд.

Марказ ходимларининг маълум қилишича, келажакда одам аъзолари трансплантациясига оид қонун кучга кирса, марказ жигар, буйрак, ўпка ва юрак трансплантациясини ўтказишга тайёр.

Келажакда юртимиздаги бошқа даволаш муассаларига ҳам ушбу тизим жорий этилиши кўзда тутилган. Айни пайтда уларнинг қурилиш лойиҳаларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Изоҳ билдириш