37823

Майхўрлик — ижтимоий иллат

Тиббиёт 3 май 9:57 616

Ичкиликбозлик жамиятдаги энг мураккаб ижтимоий ҳодисалардан бири саналади. Унинг хатарли ва хавфли таъсири шундан иборатки, майхўрлик гирдобига жамиятнинг турли табақалари вакиллари дучор бўлишлари кузатилмоқда.

Улар орасида яхшигина обрў-эътиборга эга бўлган, қўли гул касб-ҳунар соҳиблари, турли ижтимоий мавқе ва моддий таъминот даражасига эга бўлган билимли, ўқимишли кишилар, ҳар хил ёш ва жинсга мансуб, жамият ва ҳаёт муаммоларига эътиборсиз бўлган лаёқатсиз кимсалар ҳам учрайди. Бу ижтимоий ҳодисанинг мураккаблиги шундаки, унинг кўриниши ҳар кимда ҳар хил намоён бўлади.

Ичкиликбозлик спирт­ли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ва унга тобе бўлиб қолиш ҳолатида кўзга ташланади. Спирт­ли ичимлик таъсирида, аввало, инсон саломатлиги издан чиқади, унинг хулқ-атворида салбий ўзгаришлар пайдо бўлади, ишга лаёқати пасаяди, ўзгалар билан мулоқот чоғида ўзини бош­қара олмай қолади. Майхўрлик жамиятимизга аксарият ҳолларда расмий тадбир ва тантаналарнинг бир белгиси сифатида кириб келди ва афсуски, доимий урфга айланиб қолди. Оқибатда ичкиликбозлик кимлар учун вақтни қувноқ ўтказиш усули, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, кўпгина ҳолларда эса тушкун кайфиятни кўтариш воситасига айланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ичкиликбозликка қарши курашнинг ҳуқуқий, маънавий чора-тадбирлари кенг қўлланилмоқда. Кўрилаётган амалий чора-тадбирларга қарамасдан, байрамлар, тўй-тантаналар, шунингдек, маданий дам олишнинг бир кўриниши сифатида кундалик ҳаётимизга сингиб кетганлигидан кўз юма олмаймиз. Одатда, спиртли ичимликлар истеъмолига ўртамиёна даражада ружу қўйган кишилар хулқ-атворида ҳам жиддий ўзгаришлар кўзга ташланади. «Кайф» пайтида ўзини бошқара олмаслик, ўзгалар фикрини инобатга олмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиш уларга хос доимий салбий хусусиятга айланади.

Шифохонамизга тез-тез мурожаат этадиган айрим беморларимиз касалликдан қутулиш йўлида жиддий синов ва муаммоларга дуч келишини таъкидлаш жоиз. Ичкиликбозлик иллатидан қутулиш ниятида бўлган бемор, энг аввало, руҳий жиҳатдан ўзини бу ҳолатга тайёрламоғи лозим. Беморда ишонч мустаҳкам бўлса, шифокорлар маслаҳати ва кўрсатмасига амал қилиб, белгиланган муолажаларни вақтида олса, бу ижтимоий иллатдан ўз вақтида фориғ бўлишига шак-шубҳа йўқ. Собиқ беморларимизнинг кўпчилиги бугун соғлом ҳаёт тарзига мослашиб, жўшқин турмуш ташвишлари билан яшаб, меҳнат қилишаётганлиги биз, шифокорларни қувонтиради.

Наргиза КЕНЖАЕВА, вилоят наркология диспансери бўлим бошлиғи.

Жамшид МЎМИНОВ, диспансер врачи

Изоҳ билдириш