31908

Ижтимоий дорихоналар тармоғи ва интернетда махсус портал пайдо бўлади

Тиббиёт 15 февраль 12:10 568

Президентнинг “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Арзон дорилар – ижтимоий дорихоналарда

Бундай дорихоналар туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктларида жойлаштирилади. Уларнинг жойлашувини Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус ишчи гуруҳларнинг  таклифлари асосида 1.04.2018 йилгача тасдиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги Давлат дастурида 2 мингта арзон нархдаги шундай дорихоналар очилиши белгиланган. Уларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар нарх-наволар асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш мақсадида махсус ҳимоя белгилари билан таъминланади (масалан, улар бошқа дорихона муассасаларида сотилмаслиги учун- таҳр.).

Интернет портал ва мобиль иловалар

2018 йил охирига қадар қуйидаги имкониятларни берадиган Интернет тармоғида портал, шунингдек мобиль иловалар яратилади:

асосий ахборот индикатори сифатида лицензия мавжудлигини акс эттирган ҳолда дорихоналарнинг жойлашувини аниқлаш;

дори воситалари ва тиббий буюмларни, зарур ҳолларда сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларни тегишли дорихоналар томонидан аҳолига етказиб беришни таъминлаган ҳолда реал вақт режимида сотиб олиш.

Тиббиёт муассасаларида дори воситаларини электрон ҳисобга олиш

2018 йил 1 майга қадар муддатда мамлакатда дори воситалари ва тиббий буюмларни махсус маркировкалаш тизимини жорий этиш мумкинлиги масаласи ўрганилади. У ҳисобга олиш ва ҳисобот жараёнини, шунингдек, улар ҳақидаги зарур ахборотни тақдим қилган ҳолда дори воситалари ва тиббий буюмларни идентификация қилишни автоматлаштиради.

2018 йил 1 апрелга қадар муддатда эса Вазирлар Маҳкамасига давлат тиббиёт муассасалари ва ижтимоий дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳисобини олиб боришнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича таклифлар киритилади. У бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишини тезкор аниқлаш ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини беради.

Изоҳ билдириш