31106

Беморга қўполлик қилган тиббиёт ходимлари ишдан бўшатилди

Тиббиёт 5 февраль 17:48 1 416

Жорий йилнинг 5 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор тарзида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, Республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаси раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари иштирок этди.

Йиғилиш соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов раислигида ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишларда шифохоналардаги ҳолатлар, тиббиёт ходимларининг касбий этикаси ва аҳолининг эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётган айрим раҳбар ходимлар масъулиятини оширишда ижро интизоми ва назорати алоҳида ўрин тутиши таъкидланганди.

Шу муносабат билан Ҳайъат йиғилишининг биринчи масаласи аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланди.  Таъкидланганидек, Президент  виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг тиббиётга тегишли қисми ўрганилганда, уларнинг 12,6 фоизи айнан соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати, бемор ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муомалада бўлинаётгани ҳақида экани маълум бўлди.

Тошкент шаҳар И.Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси бош шифокори С.Алимов, шифохонанинг бош ҳамшираси Ш.Алимова, травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва травматология бўлими ҳамшираси М.Толиповалар ўз вазифаларидан озод этилди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар қилади.

Шифохонанинг травматология бўлимида даволанаётган бемор томонидан юборилган мурожаатни ўрганиш натижасида Т.Тоғаев ва ҳамшира М.Толипова тиббиёт ходими деонтологияси талабларини қўпол равишда бузиб келгани маълум бўлган. Бундан ташқари, шифохонада маънавий муҳит бузилганлиги, тиббиёт ходимлари ўртасида этика, деонтология масалалари талабга жавоб бермаслик ҳолатлари кузатилган.

Вазирлик маълумотларига қараганда, Президент виртуал қабулхонасига келаётган тиббиёт соҳасига оид мурожаатларнинг 12,6 фоизи айнан соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати, бемор ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муомалада бўлаётгани бўйича эканлиги аниқланган.

Изоҳ билдириш