27982

Барча ҳомиладор аёллар скрининг текшируви билан тўлиқ қамраб олинади

Тиббиёт 29 декабрь 22:39 883

2017 йил 25 декабрда президент Шавкат Мирзиёевнинг “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қарор билан болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга чақалоқларни оммавий скрининг текширувларини ўтказиш бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, дастур замонавий скрининг хизматидан Ўзбекистоннинг чекка ҳудудлари, олис туманларида яшовчи аҳоли ҳам тўлиқ баҳраманд бўлишини таъминлайди. Яъни, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида барча аёлларни ультратовуш текширувидан тўлиқ ўтказиш йўлга қўйилади. 

Бунинг учун Ўзбекистондаги 195 та марказий кўп тармоқли туман ва шаҳар поликлиникаларининг барчасида перенатал ташхис хоналари ташкил этилиб, улар юқори ҳал этиш қобилиятига эга бўлган стационар УТТ-сканер аппаратлари билан жиҳозланиши белгиланган. 

Ушбу мақсад учун давлат бюджети ҳисобидан 200 та УТТ-сканер аппаратлари харид қилинади. Бу эса ҳомиладор аёлларни УТТ текширувчи билан 100 фоиз қамраб олиш (илгари ушбу кўрсаткич 50 фоизни ташкил қиларди) ва 14 ҳафтагача бўлган муддатда ҳомила ўсишида туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш, ўлимга олиб борадиган нуқсонларга эга болалар туғилишининг олдини олишга хизмат қилади. Энди ҳомиладорларни даво излаб, вилоят маркази ёки  пойтахтга келиши ва уларни  скрининг текширувидан ўтиши учун соатлаб навбат кутишига хожат қолмайди.

Шунингдек, Давлат дастури доирасида Нукус, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё “Она ва бола скрининг” марказларини рақамли микроскоплар ва лаборатория ускуналари, бутловчи буюмлар каби зарур техникалар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. 

Мазкур Давлат дастурининг жорий этилиши орқали барча ҳомиладор аёллар ўз ҳудудида наслий касалликларга оммавий текширилади. Агар аёлда хавфли ҳолатлар аниқланса, генетик синдромларни биокимёвий текшириш босқичма-босқич ўтказилади. Яъни олинган таҳлил намунаси инновацион технологиялар асосида   вилоят маркази ёки республика тиббиёт муассасасига юборилади. 

Илгари хавф гуруҳидаги аёллар узоқ масофа босиб, вилоят маркази ёки пойтахтга келишга мажбур бўлар, айрим аёллар эса текширувлардан ўтишга ҳафсала қилмас ва оқибатда наслий касаллик билан туғилишлар сони қайд этилиб турарди. Эндиликда эса, бўлажак оналарнинг барчаси — 100 фоиз скрининг текшируви билан қамраб олинади. Энг аҳамиятлиси, бу аёл учун ҳеч қандай ортиқча харажат ва вақт талаб этмайди. 

Давлат раҳбари қарори билан қабул қилинган ушбу Давлат дастури инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун ғоясининг яна бир яққол далили бўлди. Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 31 миллион АҚШ доллари ва 90 миллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда.

Изоҳ билдириш