37559

Бахтиёр Содиқов: Беморни менсимаслик факти аниқланса, биз бундай шифокор билан хайрлашамиз

Тиббиёт 1 май 12:49 553

Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмаси да ташкил этилган “Халқ қабулхонаси”га 2017 йилда 88 мурожаат келиб тушган бўлса, жорий йилнинг январь-апрель ойларида бу кўрсаткич 65 та дан ортиб кетди.

‒ Бу ҳар бир мурожаат чуқур ўрганилиб, иложи борича қаноатлантирилаётгани туфайли бизга нисбатан ишончнинг ортиб бораётганини англатади, ‒ дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Бахтиёр Содиқов.

Мурожаатларнинг мазмуни турлича. Уларнинг аксарияти ногиронликни белгилаш, республика аҳамиятидаги шифохоналарга ордер, санатория ва курортларга бепул йўлланма ажратиш, ногиронлик аравачалари билан таъминланиш каби масалалар билан боғлиқ.

“Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Г. Манахова отаси Ҳамза Манаховга ногиронлик белгилаш масаласида мурожаат қилди. Ушбу мурожаат бўйича бемор шифохонага ётқизилиб, зарур тиббий кўрикдан ўтказилди ва унга бош мияда қон айланишининг қайта ўткир бузилиши ‒ геморрагик инсульт ташхиси қўйилиб, шифохона ҳисобидан бепул даволанди. Айни пайтда туманлараро ТМЭКга ногиронликни белгилаш бўйича тегишли хулоса берилди.

Ёш ота Д.Мирзалиевнинг мурожаати ҳам қаноатлантирилди. Унинг эпилепсия касаллигидан азият чекаётган қизалоғига тегишли ордер ажратилди ва қизалоқ вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида даволаниб чиқди. Бундан отаси мамнун.

Ўтган йили фуқароларнинг мурожаатлари бўйича республика ва вилоят шифохоналарига 22 ордер, санаторияларга 12 йўлланма, шунингдек, бешта ногиронлик аравачаси ҳамда тўртта эшитиш мосламаси ажратилди.

Б.Содиқовнинг айтишича, илгарилари аҳоли тиббий хизмат юзасидан бирон муаммога дуч келса, ўйлаб ҳам ўтирмай, дарров юқори ташкилотларга мурожаат қилар, табиийки, бу анча оворагарчиликларни келтириб чиқарар, энг ачинарлиси, бемор ва шифокор ўртасида совуқчиликка сабаб бўларди. “Халқ қабулхонаси” бундай ҳолатларнинг олдини олмоқда. Шу жиҳатдан олганда, мулоқотнинг бундай усули ўзини оқлаяпти. Фуқаролар эса оғзаки, ёзма, ҳатто электрон тарзда ҳам мурожаат қилмоқдалар.

‒ Мурожаатлар бизга туманда тиббий хизматнинг аҳволидан ўз вақтида ва етарли даражада хабардор бўлиб туриш, мавжуд камчиликларни тезда бартараф этиш имконини ҳам бермоқда, ‒ сўзида давом этиб дейди Б.Содиқов. ‒ Мурожаатлар орасида шикоятлар ҳам бор. Масалан, Бирлик МФЙда истиқомат қилувчи Г.Бойматова ҳудуддаги патронаж ҳамшира бетоб онасидан хабар олмаётгани ҳақида шикоят қилди. Ушбу шикоят ўрганилганида, патронаж ҳамшира ва умумий амалиёт шифокори ушбу хонадонда кейинги бир ой мобайнида беш марта бўлгани, беморга тегишли тиббий хизмат кўрсатилиб, саломатлиги назорат қилиб борилаётгани аниқланди ва бу борадаги шикоят ўз тасдиғини топмади.

Тиббиёт ходимлари ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши, беморлар билан хушмуомалада бўлмоғи лозим. Афсуски, мурожаатлар жойларда ҳамиша шундай эмаслигини кўрсатмоқда. Беморга нисбатан қўпол муносабат бўйича ўрганилган шикоятнинг ўз тасдиғини топгани шундай дейишга асос бўла олади.
‒ Биз беморга билан қўполлик қилган шифокорга огоҳлантириш бердик, иккинчи сафар у ойлик иш ҳақидан 30 фоиз ушлаб қолиш жарима жазосига тортилади. Шундан кейин ҳам беморни менсимаслик факти аниқланса, биз бундай шифокор билан хайрлашамиз, ‒ дейди Бахтиёр Содиқов.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар