7414

Анор`нинг шифобахш хусусиятлари билан танишинг

Тиббиёт 23 май 16:18 10 121

Қадимий афсоналарда кузнинг хушхўр неъмати — анор “мевалар шоҳи” дея эътироф этилган. У ҳукмронлик, куч-қудрат, меҳр ва садоқат рамзи саналади. Энг муҳими, анор бир неча шифобахш хусусиятларни ҳам ўзида мужассам этган. Унинг бир неча фойдали хусусиятлари билан танишинг.

1 Анор магний, кальций, калий, фосфор, натрий, йод, А, В, С, Е витаминларига бой бўлиб, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бир ҳафтада бир марта ейилган анор иммунитетни ошириб бориш учун етарлидир.

2 Таркибида кўп миқдорда темир мавжуд бўлиб, қондаги гемоглабин миқдорини кўпайтиради. Камқонликни даволашда овқатланишдан 30 дақиқа аввал ярим стакан анор сувини ичиш фойдалидир. Ушбу муолажани икки ой давом эттириш керак.

3 Анор меваси организмдаги оқсил, ёғ ва углеводлар алмашинувини яхшилайди.

4 Ангина, фарингит, гингивит, стоматит, бронхиал астма касалликларида даво бўлади. Анор томоқ оғриғини қолдириб, оғиз бўшлиғидаги инфекцияларни ўлдиради.

5 Анорда бошқа меваларга нисбатан шира кам. Шу сабаб парҳездагилар ҳам уни истеъмол қилишлари мумкин. Масалан, қандли диабет касаллигига чалинган беморлар овқатланишдан аввал анор шарбатини ичсалар, қондаги қанд миқдори камаяди.

6 Радиоактив нурларга яқин жойда яшовчи ва шундай шароитда ишловчилар анорни кўп истеъмол қилишлари керак. Чунки бу мева организмни зарарли нурлардан ҳимоялаб туради.

7 Терингиз ёғли, юзингизда ҳуснбузар кўп бўлса, анор доналарини эзғилаб ниқоб тайёрланг.

8 Анор қон босимини туширади. Чойга қўшиб ичсангиз, асабни тинчлантириб, тунги уйқу меъёрига келтиради.

9 Анорнинг нафақат дони ва суви, балки пўстлоғи ҳам фойдали. У организмдаги гормонал меъёрни сақлашга туртки бўлиб, аёлларга климакс маҳали ёрдам беради. Ҳайз цикли бузилганида ҳам анор шарбатини ичиб, муаммони ҳал қилиш мумкин.

10 Буйрак, қулоқ, кўз ва гинекологик аъзолар яллиғланишининг олдини олади. Анор сийдик ҳайдовчи восита бўлиб, айниқса, нордони буйрак ва сийдик йўлидаги тошларни туширишда ёрдам беради.

11 Иштаҳани очади. Овқат ейишни хоҳламайдиган болаларни анор билан сийланг.

12 Тишингиз оғриб қолса, анор ва унинг пўстлоғини асалга аралаштириб, истеъмол қилинг.

13 Анор сокини қўшиқчи ва нотиқлар мунтазам ичиб юришса, овоз тиниқлашиб, янада жарангдор бўлади.

Харид қилаётганда адашманг! Ўртача ва катта ҳажмдаги, нисбатан оғир, қаттиқ анорни танланг. Унда яра-чақалар йўқ бўлсин. Ширин анор коптокдек думалоқ эмас, бироз япасқи, четга қийшайган бўлади. Анорнинг усти қуруқ, ичи сувли бўлиши керак.

Изоҳ билдириш