40749

Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқарилади

Технология 1 июнь 10:32 1 209

«Ўзавтосаноат» компаниясида ташкил этилган махсус гуруҳ электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақида компания раҳбари Умиджон Салимов 31 май, пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Салимов бир ой ичида Тошкентга тест синовларини ўтказиш учун икки дона электромобиль намунаси — «Chevrolet Bolt» ва Хитойнинг «JAC» модели олиб келинишини маълум қилди. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб — Андижондан Қорақалпоғистонгача юриб ўтади.

«Ўзавтосаноат» раҳбари электромобилларни «Бу автомобилсозлик келажаги» деб атади.

«Биз Тошкентдаги Турин университети қошидаги Инновация марказида электромобилларни ишлаб чиқаришни жорий этиш ва ташкил қилиш масалалари билан шуғулланувчи махсус гуруҳ ташкил қилдик. Буни биз қиламиз», — деди «Ўзавтосаноат» раҳбари.

«Электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича салоҳиятли ҳамкорлар билан бўлажак тегишли музокаралар эса, катта эҳтимол билан, ярим йил ичида якунига етади. Чунки ‘Ўзавтосаноатънинг ҳозирги ҳамкорларининг деярли барчаси электромобиллар ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади», — дея қўшимча қилди Умиджон Салимов.

«Ўзавтосаноат» раҳбари электрда ҳаракатланувчи транспорт воситалари фақат электрокарлар билан чекланиб қолмаслигига алоҳида урғу бериб, келажакда Ўзбекистонда электровелосипедлар, электромопедлар, электроавтобуслар ҳам ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ишора қилди.

Изоҳ билдириш