«Автомобиль ўғирланишига қарши Россиянинг ’Сократ’ қўриқлаш агентлиги томонидан ишлаб чиқарилган борт комплекти мавжуд. Автомобиль ушбу мосламага датчиклар орқали уланади. Датчиклар қўриқлаш хизмати ходимларига мониторинг давомида транспорт воситасининг ҳаракатланиши, сарфлари, айни вақтда транспорт воситаси қаерда ҳаракатланаётгани, юрғизилган ёки юрғизилмагани, ҳатто эшиклари очиқ-очиқ эмаслигигача кўрсатиб туради», — деди Тошкент шаҳар қўриқлаш хизмати вакили Фарҳод Очилов.

Таъкидланишича, транспорт воситаси ўғрилар томонидан очилгани ҳақида ташвиш хабари келиб тушадиган бўлса, қўриқлаш хизмати ходимлари автомобилни шу заҳоти тўхтатиши, эшикларини блоклаши ва мутлақо ҳаракатдан чеклаши мумкин.

Очилов, шунингдек, ушбу ускунани ташқаридан ўчириб қўядиган «глушителлар» мавжуд эмаслигини қайд этди.

«Ҳозирда ушбу мослама транспорт воситаларининг бирида синовдан ўтказилмоқда. Тегишли ижобий кўрсаткичлардан сўнг қўриқлаш хизмати уни республикада жорий этиш бўйича ишларни бошлаб юборади», — деди хизмат вакили.