48798

Термизда қамишдан ҚЗП ва ЛҚЗП маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда

Технология 2 ноябрь 10:19 439

1 ноябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов Термиз шаҳридаги “Surxon KSP Grand” МЧЖ фаолияти билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Яқин кунларда тўлиқ қувватда фойдаланишга топшириладиган мазкур корхонада вилоят ҳудудида ўсадиган қамиш қайта ишланиб, қурилиш иншоотлари учун зарур арзон ва сифатли ҚЗП ва ЛҚЗП (ДСП) маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Умумий қиймати 5 миллион доллар бўлган мазкур корхонада 250 нафар киши доимий, 2000 нафар киши мавсумий иш билан таъминланган. Йилига 30 минг куб метр қамиш заррачали ва ламинация қилинган плиталар ишлаб чиқариш қувватига эга. Замонавий ва энергия тежамкор дастгоҳлар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқ хўжалигининг муҳим тармоқларида фойдаланиши билан бирга, хорижга ҳам экспорт қилинади.

Вилоят ҳокими корхона иш жараёнини кўздан кечириб, фойдаланишга топширилгунга қадар бу ерда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида кўрсатма ва тавсияларини берди.

Изоҳ билдириш