18308

Телеграмдаги бехаё фильмларни юртимизга олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди

Технология 21 сентябрь 12:28 804

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан юртдошларимизнинг божхона қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва уларга ҳуқуқий тушунчалар бериш мақсадида барча чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган пештахталар мавжуд бўлиб, бу ҳақдаги маълумотлар акс этган видеороликлар божхона постларидаги мониторлар орқали мунтазам намойиш этиб борилмоқда.

Шу билан бирга, божхона ходимлари божхона чегараси орқали ўтаётган фуқароларга оғзаки тушунтириш ишларини ҳам олиб боришади. Шунга қарамай, айрим фуқароларнинг ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёлик ва зўравонликни тарғиб этувчи материалларни олиб ўтишга бўлган уринишлариҳам учрамоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан беҳаё ва зўравонлик мазмунидаги фотосуратлар, видеофильм ва роликларни божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтишга уринган бир гуруҳ “телеграммчилар” аниқланди.

Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Новосибирск-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси фуқаро Ж.Жумаевда (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим қилинмаган Samsung русумли уяли телефон борлиги аниқланди. Телефоннинг “Telegram” номли папкасида 12дона беҳаё мазмундаги видео ва 65 дона беҳаё мазмундаги фото файллар ҳамда ваҳшийликни тарғиб қилувчи видео ролик борлиги маълум бўлди.

Шунга ўхшаш ҳолатда “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган фуқаролар М.Узоқов ва Б.Закировлар божхона назоратидан четлаб олиб ўтмоқчи бўлган “Samsung” русумли уяли телефонларининг“ Telegram” папкасида 84 дона беҳаё мазмундаги видео файллар ва 255 дона фото суратлар борлиги маълум бўлди.Телефон эгалари қўл телефонларига фото ва видеофайллар қандай қилиб тушиб қолганидан гўёки бехабар экан.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189- моддаси билан маъмурий иш юритилиб, кўриб чиқиш учун тегишли суд идораларига юборилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини маълум қилади.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати


Изоҳ билдириш