36166

Россиянинг “Биринчи канали» Ўзбекистонда телеканал ташкил қилиши мумкин

Технология 17 апрель 8:47 183

Бугун Тошкентда Ахборот технологияларини ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Азим Ахмедхўжаев ва Россия алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Алексей Волин иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу учрашувда Россия Президентининг Жамоат алоқалари ва коммуникациялар бўйича ҳамда ВГТРК, «Россия Сегодня», «Первый Канал» ва «Россия24» телеканаллари вакиллари ҳам иштирок этишди.

Учрашув давомида медиа ва коммуникациялар соҳасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, рақамли телевидение, технопарклар ва рақамли иқтисодни ривожлантириш, Интернетни бошқариш ва АКТ соҳасида мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Россия делегацияси ўзбекистонлик ҳамкорларига рақамли телевидениега ўтиш жараёнида фойдаланилган платформалар ва ечимларни мобил телевидение ташкил қилиш учун таклиф қилишди.

Шунингдек, Ўзбекистонда Россиянинг «Первый канал» АЖ билан биргаликда телеканал ташкил қилиш масалаларини муҳокама қилинди.

Ундан ташқари томонлар россиялик режиссерлар иштирокида ўзбекистонлик буюк алломалар, уларнинг дунё цивилизацияси ривожланишига қўшган ҳиссалари ҳақида ҳужжатли фильмлар суратга олиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Ўзбекистон ва Россия вакиллари мутахассислар малакасини оширишда ўзаро ҳамкорлик қилишга, давлат органлари матбуот хизматлари учун доимий равишда форумлар, семинарлар ўтказишга қарор қилишди.

Изоҳ билдириш