11162

Наманганлик муҳандис универсал мини-трактор ихтиро қилди

Технология 27 июнь 10:15 493

Тўрақўрғонлик газ ва электр пайвандчиси Ҳожиназар Ходиназаров мини трактор ихтиро қилди. Мини-трактор тирка ва мосламаларни алмаштириш ҳисобига нафақат шудгор ишларини, балки чизеллаш, ерни текислаш, ариқ очиш, уни кўмиш, шунингдек пуркаш ва дорилашни ҳам амалга ошитиш имкониятига эга. 32 йилдан буён мутахассислиги бўйича фаолият юритувчи Ҳожиназарнинг ихтироси 98 от кучига эга бўлиб сифат ва самара жиҳатидан хорижникидан қолишмайди.

Пропан газ ҳисобига ишлайдиган трактор юраётган пайтида соатига 30,35 км тезликда ҳаракатланади. Мини-трактор бир гектар боғ орасини 3 соат орасида ҳайдаб улгуради. Ўртача 30 литр суюлтирилган пропан газ ёқади. Зарурат бўлса, культивация ҳам қилиш мумкин. Занжирли тракторларнинг асфальт йўлда ҳаракатланиши таъқиқлангани боис, ихтирочи тракторни юклаб олувчи махсус ғилдиракли трейлер яратди. Бу ўзи юрар технологияга асосланган бўлиб, устидаги мини-трактор ҳайдовчиси томонидан бошқарилади. Махсус трейлер трактордан бўшаган вақтда кўчма дала шийпони вазифасини ўтайди.

Ихтирочи ўз ихтиросини илмий жиҳатдан асослаш мақсадида Наманган шаҳар муҳандислик технология институти билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Лойиҳа муаллифи Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида унинг тақдимотини ўтказишни режалаштирган. Ҳозирда ихтиро учун патент расмийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.


Манба: 1news.uz

Изоҳ билдириш