8413

Микротўлқинли печлар ҳақида тўрт афсона

Технология 1 июнь 9:38 442

Кўпчилик микротўлқинли нурланиш соғлиқ учун хавфсиз эканига шубҳа қилади. «Лайфхакер» бундай қўрқув қанчалик асосли эканига оид суриштирув ишларини ўтказиб, бу борадаги маълумотлари билан бўлишди.

 

1. Микротўлқинли печда таом тайёрлаш маҳсулотларидаги озуқавий моддалар миқдорини камайтиради

Маҳсулотларни енгилгина қайта ишлаш, шу жумладан иситиш ва совутиш уларнинг жисмоний хусусиятлари, кимёвий таркиби ва озуқавий қийматининг ўзгаришига олиб келади. Микротўлқинли печда тайёрланган таом фақат ҳаддан зиёд юқори ҳарорат ёки узоқ вақт ушлангандагина кўп озуқавий моддаларини йўқотади. Вақт ва ҳароратнинг ўзаро мутаносиблиги озиқ-овқат маҳсулотларининг фойдаси ва таъми сақланиб қолишига ёрдам беради.

Микротўлқинли печда таом тайёрлаш соғлиқ учун фойдали витаминлар ва бошқа моддалар миқдорини камайтирмайди. Маҳсулотлар тезроқ пишгани туфайли уларда ҳатто кимёвий моддалар, полифеноллар ва аксилоксидантлар яхшироқ сақланиб қолади.

Одатда иссиқлик билан қайта ишлашда маҳсулотларда ҳаммасидан кўп С витамини бузилади. Бироқ бу асосан қайнатиш жараёнига тегишли, чунки сувда эрувчан озуқавий моддалар сув қайнаганда осонликча ювилиб кетади. Микротўлқинли печда бу витамин сувга нисбатан камроқ йўқолади.

Шунингдек тадқиқотчилар микротўлқинли печь, буғ ва тезпишар қозон (скороварка)да сабзавотлар (карам, сабзи, гулкарам, исмалоқ)нинг тайёрланишини таққослашди. Маълум бўлишича, тезпишар қозонда тайёрланган сабзавотлар ичак учун фойдали эримайдиган озуқа тўқималарини микротўлқинли печь ва буғда тайёрланган сабзавотларга нисбатан кўпроқ йўқотган.

 

2. Микротўлқинли печда тайёрланган маҳсулотлар саратон касаллигини келтириб чиқаради

Ҳозирда энг яхши ўрганилган канцерогенлардан бири гетероциклик ароматик аминлар (HCA) ҳисобланади. Улар иссиқлик билан қайта ишланганда оқсилга бой маҳсулотларда (масалан, балиқ ва гўштда) ҳосил бўлади, айниқса улар юқори ҳароратда тайёрланганда.

Иссиқлик билан қайта ишлаш HCA ҳосил бўлишига сезиларли таъсир кўрсатади. Баъзи маълумотларга кўра, това ёки духовкада тайёрланган товуққа нисбатан микротўлқинли печда тайёрланган товуқда кўпроқ HCA ҳосил бўлади. Бироқ мунтазам равишда микротўлқинли печда тайёрланган товуқни истеъмол қилиш саратон касаллигини келтириб чиқаришига доир ҳеч қандай тасдиқ йўқ.

Микротўлқинли печда тайёр таомни музлатиш ёки иситиш умуман бу канцерогеннинг ҳосил бўлишига олиб келмайди.

 

3. Пластик идиш микротўлқинли печда иситилганда соғлиққа зиён етказади

Таомлар пластик идишда микротўлқинли печда иситилганда палстикдаги баъзи кимёвий моддалар таомга тушиши ва саратон ривожланиш хавфини ошириши мумкин. Бироқ бугунги кунда аксарият пластик идишлар юқори ҳароратга чидамли қилиб махсус ишлаб чиқарилмоқда. Бундай идишларда у микротўлқинли печда фойдаланиш учун яроқли эканига ишора қилувчи белги бўлади. Бундай пластик таом сифатига зиён етказиш эҳтимоли – минимал даражада.

 

4. Микротўлқинли печда қайта ишлаш зарарли бактерияларни ўлдиради

Ҳар қандай иссиқлик билан қайта ишлаш овқатдан заҳарланиш хавфини сезиларли даражада пасайтиради. Фақат муаммо шундаки, маҳсулотларни микротўлқинли печда иситишда ҳарорат тенг тақсимланмайди. Печдан овқатни олганда, баъзи жойлари исиган, баъзилари эса исимаган бўлишини сезгандирсиз, ҳойнаҳой. Бу заҳарланиш хавфини оширади. Шунинг учун микротўлқинли печда таом иситаётганда уни аралаштириб туришни унутманг, шунда таом бир хил исийди.

60 даражадан юқори ҳароратда заҳарланишни келтириб чиқарувчи аксарият бактериялар ҳалок бўлади. Улар ишлаб чиқарувчи токсинлар эса юқори ҳароратларга кўпроқ чидамли. Улар ҳатто иситилгандан кейин ҳам маҳсулотларда қолиши мумкин.

Шундай экан, микротўлқинли печда қайта ишлаш сеҳрли тарзда бактерияларни ўлдириб, бузилган овқатни хавфсизга айлантиришига умид қилманг. Озиқ-овқат маҳсулотлари айнидими, соғлиғингизни хавф остига қўймай, уни истеъмол қилишдан сақланинг.

Изоҳ билдириш