4105

Microsoft собиқ раҳбари АҚШ ҳукумати харажатларини кузатиб борувчи лойиҳа яратди

Технология 19 апрель 10:01 350

Microsoft корпорацияси собиқ бош директори Стив Балмер янги лойиҳани ишга туширди. Унинг вазифаси – АҚШ федерал ва маҳаллий ҳукуматининг барча харажат ва даромадлари ҳақида маълумотлар жамланган базани яратиш. Бу Америка ҳукумати солиқ тўловчилар пулини нимага ишлатаётганини тушунишда ёрдам беради, дея маълум қилди Балмер Нью-Йорк Иқтисодий клубида сешанба куни чиқиш қилар экан.

Унинг сўзларига кўра, USAFacts номли лойиҳани яратиш ғояси, у АҚШда ҳукуматнинг бюджет харажатлари ҳақида барча расмий маълумотлар бўлган ягона, ишончли ва фойдаланиш эркин бўлган манба йўқлигини тушуниб етгач, пайдо бўлган.

«Мен статистика кишисиман, ҳамда ўйлашимча, унинг вазифаси баҳсли вазиятларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатиш, уларни енгиллаштириш ва инсонларга тушунарли қилишдадир», – дея аниқлик киритди. Балмер. Унинг сўзларига кўра, жамоатчиликка ҳукумат ўзида бор бўлган маблағни нимага ишлатаётганини аниқ фактлар ёрдамида кўрсатиб бермоқчи.

Балмер лойиҳани амалга ошириш учун иқтисодчилар, олимлар ва тадқиқотчилар гуруҳини ёллади. Microsoft’ни 2000-2014 йиллар давомида бошқарган миллиардернинг таъкидлашича, у томонидан йиғилган мутахассислар жамоаси статистик маълумотларни йиғиш ва ўрганиш учун уч йил вақт сарфлади, улар лойиҳа сайтида тақдим этилган материаллар учун асос бўлиб хизмат қилди. Кейинчалик маълумотлар доимий равишда янгиланиб боради.

New York Times газетаси маълумотига кўра, USAFacts қидирув тизими ёрдамида фойдаланувчилар жиноятчилик статистикасидан тортиб, ҳар бир алоҳида штатда неча нафар полициячи бор эканига оид маълумотни топиши мумкин. Бундан ташқари, ҳукумат автомобилни рухсат берилмаган жойда ташлаб кетилганлик учун белгиланган жаримадан қанча даромад олиши ҳам аниқ бўлади. Лойиҳа сайтида шунингдек, АҚШда давлат хизматчилари қанча экани, корпорациялар қанча солиқ тўлаши ёки неча фоиз америкаликлар депрессиядан азият чекишини билиш мумкин бўлади.

Балмернинг New York Times’га берган интервьюсида айтишича, USAFacts’га 10 миллион доллар сармоя киритди ва лойиҳани ривожлантириш учун ҳар йили қўшимча бир неча миллион доллардан ажратиш ниятида. Forbes’га кўра, Microsoft собиқ раҳбари 30 миллиард долларга эга бўлиб, дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида 21-ўринда туради.

Изоҳ билдириш