40820

Mi 8 тақдим қилинди: нарх борасида компания ваъдасида турди!

Технология 1 июнь 14:06 764

Кеча, 31 май куни, Хитойнинг ёш ва илғор компанияларидан ҳисобланган Xiaomi ўз юртида Mi 8 ҳамда Mi 8 SE смартфонларини, шу билан бирга Mi Band 3 «ақлли браслет»ни ҳамда MIUI 10 операцион тизимини расман тақдим қилди деб ёзади terabayt.uz. Mi 8 флагмани AMOLED-панели ҳамда айни пайтда жаҳоннинг энг кучли чипларидан бўлган Snapdragon 845 билан таъминланган.

Mi 8 моделидаги 6,21 дюймли дисплейнинг пикселлар сиғими 2248 x 1080 га тенг. Мазкур экранда компаниянинг шахсий ишланмаси бўлган фойдаланувчининг юз-қиёфасини 3D ўлчамда текширишдан ўтказиш тизими жорий қилинган. Айни пайтда Андроид смартфонлар учун энг самарадор ҳисобланган Qualcomm Snapdragon 845 процессори мазкур девайснинг муҳим ўзига хосликларидан биридир.

Смартфоннинг тезкор хотира сиғими 8 гигабайтгача катталашган. Унинг қувват таъминоти учун электр токи сиғими 3300 мА соат бўлган аккумулятор жавобгар. Гаджетнинг 6 гигабайтли тезкор хотира талқини ҳам бор. Доимий хотира сиғими эса 256 гигабайтгача етади. Xiaomi Mi 8 моделининг корпус қалинлиги ғоятда юпқа — 7 мм, вазни — 175 грамм.

Xiaomi Mi 8 бош камерасининг асосий сенсори 20 мегапикселли ва ёруғлик тақсимловчи диафрагма f / 1.7 стандартли; бош камеранинг қўшимча сенсори ҳам 12 мегапикселли, бироқ f / 2.4 диафрагмали. Олд камерадаги сенсор 16 мегапикселли, унинг ёруғлик тақсимловчи диафрагмаси f / 2.0. Барча камералар «ақлли», яъни сунъий технология ёрдамида ёрқин суратлар олиш учун мустақил ишлай олади.

Қиёфани 3D ўлчамда текширувдан ўтказиш тизимининг жорий қилингани флагмандаги улкан ютуқ. Боиси Xiaomi Mi 8 Андроид смартфонлар орасида биринчи бўлиб шундай жиҳатга эга бўлди.

Тақдимотда қайд этилишича, смартфоннинг экранида виртуал бармоқ изи сканери ўрнатилган талқини ҳам сотувга чиқарилади. Бу сканер тезкорлиги ва аниқлигига кўра бу технологияни илк маротаба жорий қилган Vivo технологиясиникидан яхши бўлади. Смартфон корпус орқасидаги бармоқ изи сканеридан ҳам кўриниб турибдики, компания ҳали бундай функцияга тўлиқ ўтишга тайёр эмас.

Xiaomi Mi 8 флагманининг 6 ГБ + 64 ГБ хотирали талқини Хитойда 421 АҚШ долларидан, 6 ГБ + 256 ГБ хотирага эга талқини 515 АҚШ долларидан сотилади. Унинг 5 июндан сотувга чиқарилиши маълум қилинган.

Шу билан бирга, тақдимотда флагманнинг ҳамёнбоп талқини бўлган Xiaomi Mi SE ҳам намойиш қилинди. Унинг ҳам экран юқорисида «кесиғи» бор. Mi 8 моделининг содда талқинига 5.88 дюймли AMOLED экран, флагман процессорлардан бир қадам орқада бўлган Qualcomm Snapdragon 710 чипсети ҳамда 20 мегапикселли селфи камера ўрнатилган. Смартфон саноатида янгилик бўлган Qualcomm Snapdragon 710 чипсети имкониятларига кўра яқин ўтмишдаги энг зўр чиплар билан беллаша олади. Яъни, самарадорлиги бугунги фойдаланувчи учун манзур бўлади. Бу талқин учун компания 281 АҚШ доллари сўрамоқда. Xiaomi Mi 8 SE шу йилнинг 8 июнидан соутвга чиқарилади.

Изоҳ билдириш