2628

Кореяликлар Яккасарой туманидаги хонадонларга ақлли ҳисоблагичлар ўрнатишади

Технология 6 апрель 14:12 428

Пойтахтнинг Яккасарой тумани Бошлиқ массивидаги 29-кўп қаватли уйда синов лойиҳаси доирасида энг янги газ, электр, совуқ ва иссиқ сув ҳисоблагичлари ўрнатилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси раҳбарининг ўринбосари Ойбек Бекмирзаев маълумотига таяниб Спутник нашри хабар берди.

Унинг айтишича, шаҳар коммунал хўжалиги тизимида смарт ҳисоблагичларни жорий этиш лойиҳасини ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси Ахборот ва коммуникация вазирлиги ва Жанубий Корея компанияси билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Бу тизимда қайси хизматдан қарздорлик бўлса, ўша хизмат компьютер томонидан ўчириб қўйилади ҳамда коммуналчиларнинг уйма-уй юриб пул йиғишига чек қўйилади.

«Қирқ хонадонли уйнинг 20 хонадони танлаб олинди. Уларнинг ҳар бирига ягона дастурий таъминотга эга бўлган совуқ ва иссиқ сув, берилган иссиқлик, электр энергияси, газ ҳисоблагичлари ўрнатилади. Тизим ярим йил давомида синовдан ўтказилади. Ишлаш услуби жуда оддий: хонадон эгасининг телефонига фойдаланилган хизмат учун ҳақ тўлаши лозимлиги ҳақида хабар келади. Агарда тўлов амалга оширилмаса, айнан қайси хизматдан қарздорлик бўлса ўша хизмат компьютер томонидан ўчириб қўйилади», — деди Бекмирзаев.

Ҳозирда ускуналар келтирилган бўлиб, божхона кўриги жараёнидан ўтмоқда. Жанубий кореялик мутахассислар Тошкентга етиб келишди ва ишни бошлашга шай. Лойиҳанинг ўзи хориж компанияси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

«Коммунал хизматларимиз ҳам ишни бошлашга тайёр: слесарь ва метрологлардан иборат ишчи бригадалари тайёрланган. Биз қанча узунликдаги кабель ва бошқа маҳсулотлар кетишини ҳам ҳисоблаб чиққанмиз, хуллас, ҳамма нарса тайёр», — деди мутахассис.

Изоҳ билдириш