49091

GM Uzbekistan яна бир автосалон билан дилерлик келишувини бекор қилди

Технология 13 ноябрь 14:50 919

“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти мониторинг давомида аниқланган қонунбузарликлар сабаб GM Uzbekistan “Қашқадарё Автотеххизмат” масъулияти чекланган жамияти билан дилерлик келишувини бекор қилди.

Автосалон фаолияти, шунингдек, автомобиллар сақланаётган омборхоналарда аниқланган қоидабузарликлар келишув бекор қилинишига олиб келди, дейилади GM Uzbekistan расмий сайтида эълон қилинган хабарда.

Жорий йилнинг январь ойидан ҳозирги даврга қадар GM Uzbekistan компаниясига жисмоний ва юридик шахслардан “Қашқадарё Автотеххизмат” МЧЖ дилерлик корхонаси фаолиятига доир 420 мурожаат келиб тушган. Шундан 117 мурожаат дилерлик корхонасининг мижозларга нисбатан қўпол ва ҳақоратомуз ҳаракатлари билан боғлиқ. Шунингдек, 10 мурожаатда мижозлар томонидан “Қашқадарё Автотеххизмат” МЧЖ ходимининг коррупцион ҳаракатларига оид далиллар келтирилган.

Автомобиллар сотишни ҳисобга олишга доир ҳужжатлар ўрганилганда дилерлик корхонаси ва мижоз ўртасида имзоланмаган шартномалар мавжудлиги аниқланди. Шартномалар ва бошқа ҳужжатлар ўрганилганда мижозларнинг имзолари ҳаққоний эмас деб гумон қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш мақсадида экспертиза учун тегишли идораларга тақдим этилади.

Автомобили ҳали берилмаган 487 та шартномалар ўрганилганда мижозлар имзоси бўлмаган 47 та шартнома борлиги аниқланган. Дилерда мавжуд автомобиллар ҳисоб-китоб қилинганда омборда ортиқча сақланаётган автомобиллар мавжудлиги ҳам маълум бўлган.

Автомобилини кутаётган айрим харидорларга қўнғироқ қилинганда уларга автомобиллари салонга етказилганлиги ҳақида огоҳлантирилмаганликлари кузатилган. Бундан ташқари, айрим харидорлар 2018 йилнинг 10 сентябридан 6 ноябрига қадар GM Uzbekistan акцияси доирасида “Spark“ автомобилини харид қилган харидорларга велосипедлар олиш учун ваучер берилмаганлиги қайд этилган.

Изоҳ билдириш