40708

GM Uzbekistan’нинг Асакадаги автозаводининг номи ўзгаради. Акциялари тўлиқ сотиб олинади

Технология 1 июнь 9:17 423

31-май куни «Ўзавтосаноат» АЖнинг анжуманлар залида компания бошқарув раиси У. Салимов, бошқарув раиси ўринбосарлари А. Мусаев, Р Юсупов, тизимдаги бошқармаларнинг  масъул ходимлари ва йирик корхоналар  раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Компания бошқаруви раиси Умиджон Салимовнинг маълум қилишича, «Ўзавтосаноат» компанияси ҳозирги вақтда GM Uzbekistan’нинг 90 фоиз акциясига эгалик қилмоқда, яқин бир йил ичида Тошкентдаги мотор заводи акцияларини сотиб олиш бошланади. «GM Uzbekistan»нинг бош заводи акцияларини ҳукумат қарори билан сотиб оляпмиз. Ҳозирги вақтда сотиб олинмаган фақат 10 фоиз акция қолган, у ҳам белгиланган жадвал асосида йил охиригача сотиб олинади.

Ўз навбатида, «General Motors» билан ҳамкорликда Тошкентда қурилган мотор заводи — GM Powertrain Uzbekistan заводи бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Бу корхонада «General Motors»нинг улуши 70 фоиздан ортиқ. Ушбу завод бўйича музокараларда муҳокама қилиниши керак бўлган бир-икки масала қолган. Шулардан бири — завод қувватларидан «GM»никидан бошқа муқобил моторларни ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланиш. Уч ой ичида музокаралар якунланиши, шундан сўнг завод акцияларини сотиб олишга киришиш кутилмоқда, дейди Умиджон Салимов.

Изоҳ билдириш