33197

Энди йўл ҳаракати қоидасини бузганлик тўғрисидаги протокол электрон шаклда тузилади

Технология 1 март 16:53 337

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидасини бузганлик тўғрисидаги протокол электрон шаклда тузилади.

Бу ҳақида Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Эрали Бозоров Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида маълум қилди.

Бу тартиб янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилгандан сўнг амалга оширила бошланади. Қоида бузилишлар бўйича барча маълумотла махсус электрон базага жойлаштирилади. Айни пайтда мазкур тизимни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича жараёнлар кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан ташқари ИИО ходимлари томонидан содир этиладиган порахўрлик ва бошқа суиистеъмолликларнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар 2018 йил учун Давлат дастуридан ўрин олган (Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ–5308-сон Фармони билан тасдиқланган).

ИИВ, Молия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жорий йилнинг 20 сентябрига қадар жамоат хавфсизлигини таъминлашда ИИО фаолиятига очиқлик ва шаффофлик механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш топширилган.

Хусусан, йўл-патруль ва патруль-пост хизматининг барча ходимлари улар томонидан ўз хизмат вазифалари бажарилишининг бориши, айниқса, фуқаролар билан мулоқот қилиш жараёнини қайд этиш имконини берувчи видеокамералар билан таъминланиши керак. Бу порахўрлик ва бошқа суиистеъмолликларни олдини олишга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат 23.01.2018 йилдан кучга кирган.

Изоҳ билдириш