42645

Барча йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига алкотестерлар берилади

Технология 22 июнь 11:10 611

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторларига яқин кунлар ичида алкотестерлар бериш бошланади.

Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда имзоланган “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда, деб маълум қилди Халқ сўзи нашри.

Ҳужжатга асосан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бир ой муддатда Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини, жумладан, олиб юриладиган техник воситалар орқали аниқлашнинг соддалаштирилган тартиби ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Aлкотестерлар текширилаётган шахснинг қон таркибида алкоголь фоизини аниқлашга мўлжалланган махсус қурилмадир. У индикатор принципида ишлайди ва нафас чиқарилиши асосида алкоголь миқдорини аниқлаб беради. Бу борада унинг хато қилиш эҳтимоли 5-10 фоизга тенг.

Маълумот учун, бундай қурилма илк бор ўтган асрнинг 30-йилларида, аниқроғи 1939 йилда АҚШда алкоголь ичимликлар савдоси тақиқланган пайтда пайдо бўлган. Ўша пайтда улар тест қилинаётган инсон организмида спирт бор-йўқлигини аниқласа-да, унинг миқдорини кўрсатиб бера олмас эди. Унинг такомиллашган варианти кейинроқ немис мутахассислари томонидан яратилган.

Изоҳ билдириш