42337

ЖЧ-2018. Бугунги учрашувлар анонси. Салоҳ майдонга қайтади

Спорт 19 июнь 16:13 421

ЖЧ-2018 мусобақасининг 1-тур учрашувлари ҳам якунланиш арафасида турибди. Бугун “Н” гуруҳи жамоалари 1-тур ўйинларини ўтказадилар ва шу билан бир қаторда 2-тур ҳам старт олади.

Н гуруҳи, 1-тур

Колумбия – Япония
19 июн, 17:00, «Мордовия Арена»

Саранскдаги «Мордовия Арена»да Колумбия терма жамоаси Япония билан баҳс юритади. Ушбу терма жамоалар ўтган сафарги мундиалда ҳам ўзаро тўқнаш келгандилар. Ўшанда “қаҳвачилар” кун чиқар юрт вакилларини 4:1 ҳисобида доғда қолдиришганди.

Ҳозирда вазият бошқачароқ бўлсада, аммо Колумбия тўрт йил олдинги бир қатор етакчиларини жамоада сақлаб қола олган. Япония эса авлодлар алмашинувини бошдан кечирмоқда, бироқ “самурайлар” сафида Европа ҳавосидан баҳраманд бўлган бир қатор легионерлар ўзининг юқори жисмоний формасини сақлаб турибди. Хуллас бизни қизиқарли учрашув кутиб турибди.

Польша – Сенегал
19 июн, 20:00, “Открытие Арена”

Гуруҳнинг иккинчи ўйини Москвадаги “Открытие Арена”да бўлиб ўтади. Унда Польша ва Сенегал терма жамоалари ўзаро куч синашадилар. Роберт Левандовски етакчилигидаги жамоа саралаш босқичини кўтаринки руҳда ўтказган ҳолда турнирга етиб келди, Роберт эса саралаш ўйинларининг тўпурарига айланди. Бугун уларга қарши узоқ муддатли танаффусдан сўнг жаҳон футболига қайтган Сенегал термаси ўйнайди.

2002 йилги жаҳон чемпионатида Сенегалнинг сенсацион натижалари кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ҳозирда, Африка минтақаси вакилларининг бор умидлари Садио Мане, Бальде Кейта ва Калиду Кулибали каби футболчилардан. Ушбу уч етакчи жамоани янги марралар сари етаклай олишлари мумкин.

А гуруҳи, 2-тур

Россия – Миср
19 июн, 23:00, “Санкт-Петербург Арена”

Юқорида айтиб ўтганимиздек бугун иккинчи тур ҳам бошланади ва майдон эгалари бўлмиш Россия терма жамоаси “Санкт-Петербург Арена”да Миср билан баҳс юритади. Ушбу ўйин олдидан икки жамоада қарама-қарши кайфият ҳукмрон. Руслар биринчи турда Саудияни йирик ҳисобда таслим этган бўлсалар, мисрликлар сўнгги дақиқалардаги гол туфайли мағлубият аламини тотиб кўришди.

Муҳаммад Салоҳ жамоадошлари агар кейинги босқичга чиқишни истасалар, у ҳолда бугун нима қилиб бўлмасин ғалаба қозонишлари шарт бўлади. Черчесов жамоаси эса бу сафар у қадар катта босимга дуч келмайди ва катта эҳтимол билан нима қилиш кераклигини яхши билади. Уларнинг диққат-этибори Салоҳни тўхтатиб қолишга қаратилса ажаб эмас. Бу учрашувдаги ғалаба мезбонларни деярли кейинги босқичга олиб чиқади.

Изоҳ билдириш