10578

Вадим Абрамов Бабаянга қарши

Спорт 20 июнь 23:27 915

«Интерфутбол» нашри Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Вадим Абрамовдан терма жамоанинг сўнгги натижалар ҳақидаги фикрларини сўраб, интервью олди.

Вадим Абрамов ўз жавобларида терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмаса, Азиз Ҳайдаров ва Одил Аҳмедовга ачинишини, уларда бошқа имкон бўлмаслиги мумкинлигини қўшимча қилиб ўтган.

1. Эрон – Ўзбекистон ўйини ҳақидаги умумий фикрлар
— Эрон термаси билан бўлган ўйинга қандай режа тузилгани мен учун тушунарли, аммо у қай даражада амалга ошгани ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Бу учрашувда рақибнинг кучсиз жиҳатлари бор эди ва ундан фойдаланса бўларди. Аммо термамиз буни уддалай олмади. Ҳозир эронлик футболчилар иштирок этадиган аксар чемпионатларда мавсум якунига етган. Табиийки, футболчилар ҳорғин ҳолатда бўлишади.

Бизда эса Қатар чемпионатида тўп сурадиганлардан бошқа ҳамма энг яхши спорт формасида бўлиши лозим эди. Ҳар ҳолда мавсум энди қизғин паллага кириб бормоқда ва бу устунликдан фойдаланса бўларди. Бироқ фойдаланилмади.

Бевосита ўйиннинг ўзига келадиган бўлсак, ҳар икки жамоа ҳам ўзининг энг яхши жиҳатларини намойиш эта олмади. Эрон бундан кучлироқ ўйнаши мумкин эди, Ўзбекистон терма жамоасида ҳам очилмаган қирралар бор. Шунчаки, рақиб бу учрашувдан нима исташини яхшироқ тушуниб турганди ва бир ғалаба учун нима қилиш керак бўлса, ўшани амалга ошира олди.

2. Ўзбекистон терма жамоаси Теҳронда ўтган аввалги баҳсда Эронни мағлуб этган эди. Бу сафар нима ўзгарди – Ўзбекистон кучсизландими ёки Эрон кучайганми?
— Теҳронда бўлиб ўтган охирги ўйиндан сўнг Эрон терма жамоаси анча кучайган. Ҳар ҳолда бир мураббий жамоани бутун бошли икки цикл давомида бошқаргандан кейин жамоавий ўйин борасида савия ошиши турган гап. Карлуш Кейруш ақлли мураббий. Эрон терма жамоаси бизнинг гуруҳда яққол фаворит экани кўриниб турганди. Бироқ шу билан бирга рақиб жуда ҳам даҳшатли ўйин кўрсатиб юборяпти, демаган бўлардим. Шунчаки, Эрон тартибли ўйнаб, юзага келадиган имкониятлардан имкон қадар унумли фойдаланмоқда. Албатта, бу ҳам мураббий олиб борган иш самараси.

3. Самвел Бабаян айни вақтдаги таркибни ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси, деб айтган эди. Аммо Эронга қарши кечган баҳсда ўзбек футболи тарихидаги энг кучсиз жамоа майдонга тушди, деган фикрга қўшиласизми?
— Самвел Бабаяннинг гапларига изоҳ бериш менинг ваколатимда эмас. Ҳамманинг ўз фикри бўлади ва унинг наздида айни вақтдаги таркиб ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси бўлиши мумкин. Бу саволни унга бериш керак. Мен эса мутлақо бошқача фикрдаман.

Тўғрисини айтсам, агар мана шу таркиб жаҳон чемпионатига чиқа олмайдиган бўлса, бир қатор футболчиларга ачинган бўлардим. Хусусан, Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаров ҳозир айни кучга тўлган вақтда. Агар улар мундиалда иштирок эта олишмаса, бу ҳаммамиз учун ачинарли бўлиши муқаррар. Бироқ ҳали жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун реал имконият мавжуд. Курашни охирига қадар давом эттириш лозим.

Изоҳ билдириш