36643

Расман: Арсен Венгер мавсум якунлангач «Арсенал»ни тарк этади

Спорт 21 апрель 14:28 197

Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббийи Арсен Венгер ўз лавозимини тарк этади. Бу ҳақда клуб расмий сайтида хабар берилди.

68 ёшли франциялик мутахассис мавсум якунига етгандан сўнг Лондон клубини тарк этишини эълон қилди.

Клуб билан узоқ муҳокамалардан сўнг чуқур ўйлаб, кетиш вақти келганини ҳис этдим. Мавсум якунига етгач, «Арсенал»ни тарк этаман. Мен клуб билан узоқ ва ёдда қоларли дамларни бошимдан ўтказганимдан мамнунман. Жамоани фидойилик ва адолат билан бошқардим.« Арсенал» мухлислари клубнинг қадри учун қайғуради. Муҳаббатим ҳамиша «Арсенал» билан, дейди Арсен Венгер.

Венгер «Арсенал»да 1996 йилдан буён ишлаб келмоқда. 22 йиллик фаолияти давомида Арсен «Арсенал» билан барча мусобақалар доирасида жами 1228 ўйин ўтказди. У уч марта Англия чемпиони, 7 бор мамлакат кубогини қўлга киритган.

Шунингдек, Венгер уч марта АПЛнинг энг яхши мураббийи деб топилган, 4 маротаба эса Европада йил мураббийи бўлган. Англия премьер лигасида ўйин ўтказиш бўйича рекорд ўрнатди. У жамоасини бош мураббий сифатида АПЛнинг 823 ўйинида майдонга бошлаб тушган. Ўйин ўтказиш кўрсаткичи бўйича «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ устози Сер Алекс Фергюсонни (810) ҳам ортда қолдиришга эришди.

Изоҳ билдириш