18138

Мухлислар мурожаати қондирилди: олий лига ҳаками ҳакамликдан четлатилди

Спорт 20 сентябрь 11:10 476

Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғи асосида Ҳакамлар ва инспекторлар қўмитасининг навбатдаги мажлиси чақирилиб, унда Рустам Бобомуродовнинг ҳакамлиги юзасидан якуний қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда федерация матбуот хизмати.

Шу йилнинг 16 сентябрида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Олий Лига 21-тури доирасидаги «Бухоро»-«Динамо» учрашувини бошқарган Рустам Бобомуродовнинг ҳакамлигини ЎФФ ҳакамлар ва инспектор илмий-услубий таъминоти бўлими кўриб чиқди. Бўлим бошлиғи Арслон Хатамов якунда Рустам Бобомуродовга қониқарсиз 4 балл қўйди.

Ҳакамлар ва инспекторлар бошқармаси бошлиғи Ноил Лутфуллин қўмита йиғилишида Рустам Бобомуродов масаласи бўйича «Ҳакамларнинг тартиб-интизом кодекси» асосида қарор қабул қилишни таклиф қилди.

Натижада олий лиганинг 21-тур ўйинлари доирасида ўтказилган «Бухоро»-«Динамо» ўйинида бир неча жиддий хатоларга йўл қўйган Рустам Бобомуродовнинг хизмат ҳақи юз фоизга камайтирилиб, ҳакамликдан бутунлай четлатилди.

«Алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновнинг виртуал қабулхонасига Рустам Бобомуродовнинг масаласи юзасидан қандай қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги мурожаатларнинг оқими кучайган эди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг виртуал қабулхонаси ишга тушган эди.

Изоҳ билдириш