24270

Футбол мухлисларини ҳақорат қилган Александр Лобановни «Пахтакор» жаримага тортди. Дарвозабон узр сўради

Спорт 21 ноябрь 8:35 1 997

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби дарвозабони Александр Лобанов «Насаф»га қарши беллашувдан кейинги ҳатти-ҳаракати учун мухлислардан расман узр сўради. Бу ҳақда «Пахтакор» матбуот хизмати хабар берди.

Лобанов Ўзбекистон Олий Лигасининг 29-туридан жой олган беллашувдан кейин «Насаф» мухлисларини ҳақорат қилганди. Беллашув «Пахтакор»нинг 0:4 ҳисобидаги мағлубияти билан якунига етгач, дарвозабон ўз асабларини жиловлай олмади.

«Пахтакор» Лобановнинг бу қилиғи борасида йиғилиш ўтказиб, ўз дарвозабонини кескин танқид остига олган ва унга нисбатан чора кўриб, моддий жарима тайин қилган. Бу каби ҳол қайта такрорланса, жазо янада жиддийроқ бўлиши борасида Лобанов огоҳлантирилган.

Ўз навбатида Александр Қаршидаги ҳаракатидан қаттиқ афсусда эканини маълум қилиб, аввал «Пахтакор» раҳбариятидан, кейин барча мухлислардан узр сўраган ҳамда бу ишини қайта такрорламасликка ваъда берган.

«Пахтакор» футбол клуби футболчиларнинг хулқи ва ўзини тутиши доимо кузатувда эканини маълум қилади. Ўйинчиларга нопрофессионал ҳаракатлари учун чоралар кўрилиб, улар жазога тортилади. Клуб Ўзбекистоннинг байроқдор жамоаси номига мос ҳолда фаолият олиб боради, деб ёзади клуб матбуот хизмати.

Изоҳ билдириш