18396

ФИФА 2018 йилнинг охиригача ЎФФ ҳисобига 3.5 млн АҚШ доллар ўтказиб беради

Спорт 21 сентябрь 17:12 417

Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов бугун Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашди.

ЎФФ матбуот хизмати хабарига кўра, Умид Аҳмаджонов ФИФА раҳбари билан “Форвард” лойиҳаси бўйича музокаралар олиб борди. Натижада, 2018 йилнинг охиригача Ўзбекистон футболига 3.5 миллион АҚШ доллари, 2019 йилда эса яна 1.5 миллион доллар ЎФФ ҳисобига ўтказиб берилади.

Инфантино янги ривожлантириш лойиҳасини ишга туширди. Мазкур лойиҳа доирасида ФИФАга аъзо ҳар бир федерация, шу жумладан Ўзбекистон ҳам, 4 йил муддатга 5 миллион АҚШ доллари миқдорида пул олади. Бу пуллар ФИФАнинг “Форвард” лойиҳаси регламентида айтиб ўтилганидек федерациянинг ишини юритиш, маъмурий бошқарув ишлари, шунингдек, терма жамоалар, Республика миқёсидаги мусобақаларни ўтказиш, веб-сайт ишларини такомиллаштириш каби алоҳида белгилаб қўйилган ишларга сарфланиши керак. Амалий ишлар тугагач, ФИФА 5 миллион АҚШ долларини 4 йил ичида ўрнатилга тартибда федерацияларга аудит асосида ўтказиб беради.

Умид Аҳмаджоновнинг ФИФА билан музокаралари натижасида махсус лойиҳалар учун ФИФА билан 2017-2018 йилги даврга 1,5 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланадиган бўлди. Аҳмаджоновнинг топшириғи асосида Тошкентда ушбу шартнома шартларини бажариш бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, унга белгиланган муддат ичида барча хужжатларни Цюрихга юбориш вазифаси бирламчи қилиб қўйилди.

Жанни Инфантино келгусида ФИФАнинг футболни ривожлантиришга йўналтирилган молиявий грант дастурларида Ўзбекистоннинг фаол иштирок этишига умид билдирди.

Изоҳ билдириш