35070

ЕЧЛ. Чорак финал. «Ювентус» – «Реал» учрашуви превьюси

Спорт 3 апрель 12:55 192

Бугун Европа чемпионлар лигасининг чорак финал ўйинларига старт берилади.

Сешанба кунги ўйинлар орасида кўпчилик мухлислар нигоҳи Туринда бўлиб ўтадиган ўйинга қаратилади. www.uzreport.news сайти ўйин олди превьюни ҳавола этди.

3 апрель 2018 йил. Соат 23:45. Италия. Турин. «Ювентус» стадиони.

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин.

«Ювентус» (Турин, Италия) – «Реал» (Мадрид, Испания)

Қайси каналда томоша қилиш мумкин: «UZREPORT TV»

Дисквалифициялар: Мехди Бенатия, Миралем Пьянич (иккиси ҳам «Ювентус»)

Жароҳатлар: Алекс Сандро (?), Марио Манджукич (?), Федерико Бернардески – Начо

Орадан бир йил ҳам ўтмасидан улар яна тўқнаш келишди. Зинедин Зидан яна Туринга қайтади. Бироқ бу сафар омади чопган мураббий сифатида. Зизуни бу ерда ҳали ҳам унитишмаган. Ҳаттоки, жамоаларнинг сўнги тўқнашувидан кейин ҳам туринликларнинг Зиданга бўлган муноасбати ўзгармаган. Ўшанда «Реал» клуби Кардиффдаги финалда «Юве»ни 4:1 ҳисобида таслим этиб, Чемпионлар лигасида қаторасига иккинчи бор зафар қучганди.

Кардиффдаги финал бу икки жамоанинг финаллардаги иккинчи тўқнашуви эди. Улар бунга қадар 1998-йилда финалда куч синашишган ва ўшанда ҳам Мадрид клубининг қўли баланд келган эди. Умумий ҳисобда эса бу жамоаларнинг 20 ўйини бўлади. Аввалги ўйинлардан 9тасида Испания гранди зафар қучган бўлса, Италия клуби 8 бор рақибини таслим эта олган. Қолган иккита ўйинда эса ғолиб номи аниқланмаган. Тўплар нисбати 22:22.

Мазкур қарама-қаршиликнинг ўзига хос томонлари ҳам кўп. Мисол учун Зинедин Зидан ўз вақтида «Ювентус» сафида «Реал»га қарши, мадридликлар сафида эса «кекса синьора»га қарши тўп сурган. Сами Хедира ва Гонсало Игуаин ҳам ўз вақтида «қироллик клуби» шарафини ҳимоя қилишган. Криштиану Роналду эса туринликлар дарвозасига тез-тез йўл топа олган. Португалиялик 5та ўйинда 7та гол уришга эришган. Бироқ, «Юве» плей-офф босқичида ҳали бирор маротаба «Реал»ни кейинги босқичга ўтишига имкон бермаган. 1995-1996 (1/4 финал), 2002-2003 (1/2 финал), 2004-2005 (1/8 финал) и 2014-2015 (1/2 финал) бунга мисол бўла олади.

Чорак финалга қадар эса клублар бир-бирига ўхшаш йўлни босиб келишди. Иккиси ҳам гуруҳ босқичида иккинчи бўлиб, нимчорак финалда эса номдор жамоалар бўлишига қарамай ўз рақиблари олдида яққол фаворит сифатида кўрилмади. Лекин якунда чорак финалга «ПСЖ» ва «Тоттенхэм» ўрнига, «Ювентус» ва «Реал» етиб келди.

Бўлажак ўйинга жамоалар яхши кайфиятда ташриф буюришмоқда. «Ювентус» ўзининг навбатдаги скудеттоси қараб кетмоқда ва А Серияда 30 турдан сўнг, энг яқин таъқибчисидан 4 очкога илдамлаб кетган. 2018-йилда эса «кекса синьора» ўз дарвозасидан фақат бир маротаба тўп олиб чиқди холос («Ювентус» – «Милан» 3:1). «Реал» эса ўтган ҳафтада деярли иккинчи таркиб билан ўз рақибини 3:0 ҳисобида таслим этишга муваффақ бўлди. Тўғри рақиб аутсайдер «Лас-Пальмас» эди. Лекин энг асосийси, «Реал» секин-аста барқарор ўйин кўрсата бошламоқда.

Ўйин олди мураббийлар фикри:

Массимилиано Аллегри («Ювентус» бош мураббийи)

«Яримҳимояда Пьяничнинг ўрнида Маркизио ёки Бентанкур ўйнайди, Ругани ёки Барцалльи ҳимояда қоладилар. Чемпионлар лигасида жуда кучли жамоага қарши ўйнашимизни биламиз. Биз доим ўйинда қолишимиз керак, бу «ўйин» 180 дақиқалик ўйиндир. Мен Кардиффдаги финални бир неча марта кўрдим. Биз ўйинлар давомида қийин вазиятларда яхшироқ ҳаракат қила бошладик.

Роналдунинг тўхтатиш учун махсус тактика? Яхши ҳимоячилар керак. Криштиануни табриклайман, у 30 ёшида ўз ўйин услубини ўзгартира олди. Унинг ишини такрорлаш осонмас. «Реал» 12 марта чемпионлар лигасини ютган. Бу ўта кучли жамоа, аммо «Ювентус» эртага у билан тенг курашади. Дибаланинг эртага яхши ўйин ўтказишига ишонаман. У ажойиб формада

Зинедин Зидан («Реал» бош мураббийи)

«Ювентус» ва «Реал»нинг менталитети анча яқин. Буни ўша ерда ўйнаганимда тушунганман. Турин футболни яхши ўйнайди. Бизнинг ўз мақсадларимиз бор. Биз доим ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Рақибнинг кимлиги ва ўтган йили нимага эришганимиздан қатъий назар.

Кун келиб «Ювентус»ни бошқаришим мумкинми? Ҳеч қачон «ҳеч қачон» дема, аммо ҳозирги жойимда хурсандман. Фақат «Реал» ҳақида ўйлайман ва келажак ҳақида ўйлаганим йўқ»

Қизиқарли маълумотлар:

«Ювентус»

– «Ювентус» ўз тарихида 18 марта чорак финалда ўйнади. Туринликлар мазкур босқичда 12 бор ғалаба қозониб 5 марта мағлуб бўлишган.

– «Кекса синьора» испан клубларига қарши икки ўйиндан иборат бўлган ўйинларда 9 марта зафар қучиб, 6 бор енгилган. Улар сўнги бор ўтган мавсумда «Барселона»ни икки ўйин натижасига кўра 3:0 ҳисобида мағлуб қилишган эди.

– «Юве» испан клубларига қарши ўз майдонида 26 бор учрашган. Ундан 15тасида ғалаба қозониб, 2тасида енгилган. 9та ўйинда эса дуранг қайд этилган. Лекин сўнги 9та ўйинда туринликлар испанларга мағлуб бўлмай келишмоқда.

– Италия клуби ўз тарихида УЕФА турнирларида жами 56 марта тўқнаш келган. (19 ғалаба, 15 дуранг, 22 мағлубият. Урилган голлар 62та, ўтказиб юборилган голлар 62та)

– «Ювентус» еврокубокларда ўз майдонида сўнги 27та ўйинда мағлуб бўлмади. Сўнги бор улар 2013 йилда «Бавария»га 0:2 ҳисобида енгилишган.

«Реал»

– «Реал» ўз тарихида 35 марта Чемпионлар лигаси/Чемпионлар кубогининг 1/4 финалида ўйнайди. Бу мутлақ рекорд ҳисобланади. Бу босқичда «Реал» 28 бор ғалаба қозонган ва 6 марта мағлуб бўлган.

– «Қаймоқранглилар» ўз тарихларида қаторасига 8 марта чорак финалда ўйнайди. Бу клуб рекорди ҳисобланади.

– Мадридликлар А серия клубларига қарши сўнги 12та ўйиндан фақат биттасида мағлуб бўлишган. ЧЛ-2014/15 мавсуми яримфинал – «Ювентус».

– «Реал»нинг Италия клубларига қарши сафардаги статистикаси. 6 ғалаба, 8 дуранг, 18 мағлубият.

– Испан клуби ЕЧЛда сўнги 27та ўйиндан фақат иккитасида мағлуб бўлган. Сўнги бор бу мазкур мавсум гуруҳ босқичида «Тоттенхэм» майдонида (1:3) содир бўлган эди.

Изоҳ билдириш