2212

Дзюдочиларимиз Тбилиси Гран-Присини иккита медаль билан якунлашди

Спорт 3 апрель 12:52 442

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида 31 март – 2 апрель кунлари дзюдо бўйича халқаро Гран-При турнири бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақада дунёнинг тўрт қитъаси 36 та мамлакатидан ташриф буюрган 251 нафар спортчилар ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Тбилиси Гран-Присида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини 13 нафар ҳамюртларимиз ҳимоя қилишди. Булар: -60 кг: Дониёр Султонбоев ва Муҳриддин Тиловов, -66 кг: Баҳром Иноятов ва Сардор Нуриллаев, -73 кг: Ғиёсжон Бобоев ва Мирзоҳид Фармонов, -81 кг: Шарофиддин Болтабоев ва Давлат Бобонов, -90 кг: Муҳаммадкарим Ҳуррамов ва Шаҳзодбек Собиров, -100 кг: Бекмурод Олтибоев ва Сойиб Қурбонов, +100 кг: Болтабой Болтаев.

Терма жамоамиз аъзоларидан тўрт нафари, яъни Муҳриддин Тиловов (-60 кг), Ғиёсжон Бобоев (-73 кг), Давлат Бобонов (-81 кг) ва Сойиб Қурбонов (-100 кг)лар рейтингдаги мавқеълари эвазига дастлабки саралаш босқичидан озод этилишганди ва беллашувларни тўғридан тўғри иккинчи босқичдан бошлашди.

Қувонарлиси, турнирнинг иккинчи куни -73 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ғиёсжон Бобоев финалгача Эрон, Голландия ва Канада вакиллари устидан зафар қучиб, ҳал қилувчи жангда швециялик Томми Макиасга қарши татамига чикди ва рақибини мағлубиятга учратиб олтин медалини қўлга киритди. 
Кеча, яъни мусобақанинг сўнгги кунида эса оғир вазндаги полвонлар ўртасида беллашувлар бўлиб ўтди ва унда -90кг вазн тоифасидаги спортчимиз Шаҳзодбек Собиров бронза медалига лойиқ кўрилди. Дзюдочимиз ўтиш баҳсида словакиялик Петер Зилкани, бронза медали учун бўлиб ўтадиган жангда эса венгриялик Габор Верни мағлуб этди ва Тбилиси Гран-Присининг бронза медали соҳибига айланди. 
Ана шу тариқа терма жамоамиз аъзолари Тбилиси Гран –Присида битта олтин ва битта бронза медалларига эга бўлишди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили айнан ушбу мусобақада Диёрбек Ўрозбоев олтин медаль соҳибига айланган эди. 
Изоҳ билдириш