38864

Бугун Умид Аҳмаджонов таваллуд топган кун

Спорт 16 май 9:20 327

Бугун Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов 41 ёшни қарши олди. Умид Аҳмаджонов 2017 йилнинг 12 сентябрида ўтказилган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг янги президенти этиб сайланганди.

2018 йилнинг 16 январь куни эса Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида ўтган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов бош Ассамблеясида Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти этиб сайланди.

Умид Маҳаммаджонович футбол федерациясига президент этиб сайлангач, мамлакат футболида туб ўзгаришлар, ижобий ислоҳотлар бошланди. Биринчи навбатда Ўзбекистонда болалар футболини ривожлантириш, бу борада футболи ривожланган мамлакатлардаги каби тизимни яратиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Хориждан кучли мутахассислар юртимизга жалб қилиниб, ҳудудларда болалар футболини ривожлантириш бўйича иш бошланди. Шунингдек, миллий чемпионатимиз савиясини ошириш, мухлисларни стадионларга жалб қилиш борасида ҳам қисқа вақт ичида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар натижасида миллий чемпионатимиз формати ўзгартирилиб, Суперлига ва Про-лига ташкил қилинди. Мухлислар яна стадионларга қайтишни бошлади. Энг муҳими майдонда яна ҳақиқий кураш, спорт тамойиллари асосидаги рақобат юзага келди.

Бундан ташқари, Умид Аҳмаджонов Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларининг халқаро майдонлардаги натижаларини яхшилаш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширди. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг 23 ёшгача бўлган терма жамоаси шу йил бошида Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ғалаба қозониб, ушбу ёш тоифасида тарихда биринчи марта чемпионликка эришди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинди. Жумладан, тарихда илк маротаба Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун мундиалга йўлланма олган Марокаш, Сенегал, Уругвай каби терма жамоалар билан Жаҳон чемпионати олдидан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинди ва ташкил қилинмоқда.

Айнан мамлакат футбол тизимида олиб борган оқилона сиёсати, қилган ислоҳотлари ва эришган ютуқлари Умид Аҳмаджоновнинг Миллий олимпия қўмитаси Президенти этиб сайланишига туртки бўлди. Бунинг натижасида қисқа фурсат мобайнида ислоҳот ва янгиланишлар энди бутун республика спортини қамраб олди.

Умид Маҳаммаджоновичнинг энг катта ютуқларидан яна бири Миллий олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ягона мақсад йўлида бирлаштира олгани бўлди. Бугунги кунда Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциациясида жонкуяр, фидоий, меҳнаткаш аҳил жамоа жам бўлган бўлиб, ушбу жамоа катта мақсадлар сари олға бормоқда. Асосий мақсад ўзбек спорти, хусусан, ўзбек футболини жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, терма жамоаларимиз Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш.

Энг муҳими муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юксак ишончларини оқлаш, катта ғалабалар ва олий натижалар билан Президентимизни, халқимизни хурсанд қилиш. Бу йўлда мамлакатимиз Олимпия ҳаракати иштирокчилари ва катта спорт оиласи номидан Умид Маҳаммаджоновичга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилавий хотиржамлик, куч-қувват, бошлаган ҳайрли ишларида омад ва зафарлар тилаймиз!

Изоҳ билдириш