17635

Янги ҳайдовчилик сертификати жорий этилади

Жамият 12 sentyabr 17:20 570

Ўзбекистон Ҳукумат портали матбуот-хизмати янги ҳайдовчилик сертификати жорий этилаётгани ҳақида хабар берди.

Хабарда айтилишича, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар аксарият ҳолларда йўл-транспорт ҳодисалари иштирокчиларига айланиб қолишмоқда. «Бу эса ҳайдовчилар малакасини мунтазам оширишни назарда тутадиган қонун талаблари етарли даражада бажарилмаётганидан далолатдир», — деб қўшимча қилинган.

Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 сентябрдаги «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳайдовчилар малакасини мунтазам ошириш, бу орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаради.

Қарорда йўл ҳаракати хавфсизлиги, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кучайтириш, шунингдек, ўқув жараёнига инновация услубларини жорий этиш йўли билан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш вазифалари белгиланган.

Қарорга асосан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранпорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги белгиланди. Шунингдек, ҳайдовчиларга малака оширгани тўғрисида «Avtotest Report» МЧЖ ўқув комплексининг сертификати топширилиши назарда тутилган.

Қарордан келиб чиқиб, 2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини сертификатсиз бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар