8994

Ўзбекистонда халифалик қуришни режалаштирган экстремистлар суд қилинди

Жамият 7 июнь 11:02 546

Ўзбекистонда уч нафар экстремист устидан суд ҳукми ўқилди. Улар республика ҳудудида шариат қонунлари асосида яшовчи теократик асосда тузилган давлатни қуришни режалаштирган.

Самарқанд вилоятида яшовчи Ҳасан ва Ҳусан Абсаламовлар, шунингдек уларнинг таниши бўлмиш Темурбек Ахматов Москва шаҳрида ишлаган вақтларида радикал гуруҳлар агентлари таъсирига тушиб қолишган. Шу тариқа уларда жиҳод қилишга чорловчи ва ислом ҳалифалигини тузишга даъват қилувчи экстремистик материалларга нисбатан қизиқиш уйғонган.

Ўзбекистонликлар интернет тармоғида «Ўзбекистон Исломий Ҳаракати» террорчилик ташкилоти асосчиси Тоҳир Йўлдошев ва бошқа таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотлар раҳбарларига тегишли ташвиқот материалларини ўрганиб, юклаб олганлар. Улар шунингдек, «Одноклассники» ижтимоий тармоғида бир нечта сохта аккаунтларни рўйхатдан ўтказган ва улар орқали диний экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи ҳамда радикал Ислом қонунлари асосида яшашга чақирувчи материалларни жойлаганлар.

Ўз ғояларини келажакда ҳам тарғиб қилиш мақсадида Ҳасан Абсаламов Ўзбекистон ҳудудига 500дан ортиқ экстремистик материаллар мавжуд флешкани олиб келган. Флешкада жиҳод қилишга ҳамда Ўзбекистондаги мавжуд тартибни йўқ қилишга чорловчи материаллар бўлган.

«МХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бу шахслар томонидан содир этилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг олди олинди. Экспертлар хулосасига кўра, олиб қўйилган материаллар диний фундаментализм ғояларини ўз ичига сингдирган, жамоатчилик хавфсизлигига раҳна солган ва Ўзбекистонда ҳалифатлик барпо этишга қаратилган бўлган», — деб таъкидлади суд инстанцияси вакили.

Суд Ҳасан Абсаламовни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унинг укаси Ҳусан Абсаламов ва шериклари Темурбек Ахматовлар ҳар бири 5 йилдан қамоқ жазосига маҳкум этилдилар.

Изоҳ билдириш