37215

Ўзбек-Хитой қўшма корхонаси водийда 2000 та янги иш ўрни яратади

Жамият 26 апрель 15:38 719

Андижон ва Фарғона вилоятларида қурилаётган қўшма корхоналарда 2000 та янги иш ўрни яратилади.

«Jo’ydam ta’mir qurilish» МЧЖ (Фарғона) томонидан Хитойнинг «Pekin Kajshen Triumf» компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарчасида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион тонна цемент ва 33 миллион квадрат метр гипсокартон ҳамда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида кунлик 1 минг тонна оҳак ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланди.

Pekin Kajshen Triumf» компанияси дунёнинг 37 мамлакатида ўзининг корхоналарига эга.

Андижон ва Фарғона вилояти ҳокимликлари томонидан лойиҳалар қўллаб-қувватланиб, барча карьер ва қурилиш учун ер майдонлари ажратилиб, тегишли лицензиялар олинди.

Таъкидлаш лозимки, ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё маҳсулотлари 100 фоиз маҳаллий конлардан олинади. Бу ўз навбатида маҳсулот таннархининг кўтарилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, маҳсулотлар мазкур корхоналарда тўлиқ ҳажмда кўмир ёнилғисида ишлаб чиқарилади ва кейинчалик хорижий давлатларга, айниқса, қўшни мамлакатларга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Ҳозирда «УЗГАШКЛИТИ» ДУК томонидан қурилиш майдонида геология қидирув ишлари амалга оширилди ва цемент заводи лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 207 миллион долларни ташкил этади ва 10 йил ичида барча солиқ турларидан давлатга 399 миллион доллар фойда келтириш кутилмоқда. Энг асосийси, лойиҳаларни амалга ошириш орқали жами 2 000 та янги ишчи ўринлари яратилади.

Яна бир муҳим жиҳати, лойиҳалардан олинадиган даромаддан Шоҳимардонда ички туризмни ривожлантириш ҳамда Сўх туманида ишлаб чиқариш учун йўналтириш масалалари ўзаро шартномада келишилган.
«Президентингизнинг хорижий инвесторларга ўз фаолиятларини Ўзбекистонда амалга оширишлари учун кенг йўл очиб бераётгани эътирофга лойиқ. Биз яратиб берилаётган шароитлардан жуда мамнунмиз. Ўзбекистон дунёнинг энг тез ривожланаётган 10 та мамлакат қаторига киргани ҳам амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижаси, деб ўйлайман,» — дейди «Pekin Kajshen Triumf» компанияси директори ўринбосари Сао Юй Бо.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Шоҳимардон қишлоғида қаровсиз бўш ётган дачаларни қайта қуриш учун лойиҳалар ишга тушгунга қадар 2018-2021 йиллар мобайнида «Pekin Kajshen Triumf» компанияси таркибида бўлган енгил типдаги дачалар қуришга ихтисослашган қурилиш компанияси орқали янги тузилган қўшма корхона ҳисобидан қўшимча 30 миллион доллар инвестиция киритади. Компания лойиҳа ишга тушгач 30 йил давомида киритилган инвестициядан фойда олади.

Изоҳ билдириш