9772

Ўзбек футбол мухлиси Президентимизга мурожаат йўллади

Жамият 14 июн 12:25 12 297

Учинчи ўрин учун таъқибчиларимиз Хитой ва Сурия 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, иккисидан бири бизга хавфли масофада яқинлаша олмай, биз учун идеал натижага эришишди, иккинчи ўрин учун тўғридан-тўғри рақобатчимиз Жанубий Корея эса Қатарда 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Гарчи Эронга ютқазиб, уларга мундиал йўлланмасини (ва биринчи ўринни) муддатидан аввал тақдим этган бўлсак-да, ЖЧ-2018нинг иккинчи йўлланмасини тўғридан-тўғри қўлга киритиш учун ажойиб имкониятни сақлаб турибмиз… Шундай имкониятларни қўлдан бой бериб қўймасдан аввал, ашаддий ўзбек футбол мухлиси Президентимизга мурожаат йўллади

Ҳурматли Шавкат Миромонович,

Мамлакатимизнинг спорт соҳасига масъул мансабдор шахслари ҳамда Ўзбекистон Футбол Федерацияси фаолиятига ҳам бир эътибор беришингинзи илтимос қиламиз.

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасига Самвел Бабаян бош мураббий қилиб тайинлангандан буён Ўзбек футболи кундан кунга ортга қараб кетмоқда, футбол соҳасида Осиёда 4-ҳисобланган жамоамиз бугунга келиб хатто 8-жамоа ҳам эмас. С.Бабаян мураббий бўлишидан олдин Осиёнинг ҳар қандай жамоаси Ўзбекистон билан ўйнашга қўрқар эди, Осиёнинг энг кучли жамоаси Эронни Теҳрондаги ўйинда, Японияни Японияда ютган жамоамиз, С.Бабаян бошчилигида нурсиз ўйин ва шармандали натижалар қайд этяпти. С.Бабаянинг нотўғри таркиб танлаши, тактика деган нарсани йўқлиги оқибатида Миллий Терма Жамоамиз хатто урушдан боши чиқмаётган Сурия терма жамоасига ҳам ютқазиб келди. 12 июн куни эса Эрон миллий терма жамоаси билан ўйнаган жамоамиз 2-0 ҳисобида ютқазди ва энг ёмони жамоамиз футболчилари рақиб дарвозасига 90 минут давомида бирор марта тўғри зарба ҳам бера олмаган.

Агар бундай шармандали натижаларга Ўзбекистонда яхши футболчи етишмаслиги сабаб бўлганда ҳеч ким эътироз билдирмас эди. Лекин, Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашга арзийдиган, етарли маҳоратга эга бўлган футболчиларимиз жуда кўп. Фақат бош мураббий С.Бабаян нима учундир терма жамоага лойиқ футболчиларни эмас, балки ўзининг шахсий симпатияси бўлган футболчиларни чақираверади ва ўйнатаверади.

Ўзбекистон Чемпионатида ҳар бир ўйинда 2 – 3 та гол ўтказиб юборадиган Александр Лобанов деган дарвозабон, 1 йил давомида 1 дона гол урган Игорь Сергеев деган ҳужумчи, Пахтакор жамоаси билан турнир жадвалини ўрталарида зўрға юрган Станислав Андреев, Хитой чемпионатида фақат захирада ўтирадиган Егор Кримец, Қозоғистон Чемпионатида асосан захирада ўтирадиган Александр Гейнрих каби футболчилар мураббий С.Бабаяннинг “ёқимтойлари” экани ва улари ҳар қандай ҳолатда ҳам терма жамоада ўйнашлари кафолатланганлигини оддий мухлислар аллақачон тушуниб бўлишган.
Ўзбекистоннинг ҳозирги пайтдаги энг кучли дарвозабони Игнатий Нестеров (Локомотив Тошкент), футболчилар Сардор Рашидов (Қатар клубида ўйнайди), Темурхўжа Абдухолиқов (Қатар клубида ўйнайди), Фозил Мусаев (Япония клубида ўйнайди) кабиларни С.Бабаян терма жамоага халқни чалғитиш учун чақиради, лекин майдонга туширмайди.

Санжар Турсунов (Қатар клуби), Санжар Шоахмедов (Қатар клуби) ва бошқа маҳоратли футболчиларни эса умуман терма жамоага чақирмайди. Ваҳоланки, бу футболчилар С.Бабаяннинг юқорида кўрсатилган ёқимтойларидан футболчи сифатида “ўлса ўлиги ортиқ” эканини ҳар қандай футбол мутахассиси тасдиқлаши мумкин.

Бу ҳолатни кўриб, С.Бабаян миллий терма жамоа таркибини тузишда ўз шахсий манфаатларидан келиб чиқаётганмикин деб ўйлашга мажбур бўлади одам. Чунки, кечаги ўйин жуда жуда муҳимлигини, Ўзбекистон шу ўйинни ютмаса Жаҳон Чемпионатига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлиши деярли аниқлигини билиб турса ҳам С.Бабаян барибир ўзининг ёқимтойларини ўйнатди ва натижа яна МАҒЛУБИЯТ. Халқимиз яна 4 йил Жаҳон Чемпионатига чиқиш имкониятини кутишга мажбур.

Бу терма жамоани чет эл сафарларига, С.Бабаян ва унинг ёрдамчиларини ойлиги ва бошқа харажатларига юз миллионлаб маблағ сарф бўлади, балки миллиардлабдир. Шунга яраша натижа талаб қилиш, натижа бермаганни жавобгар қилиш керак эмасми?

С.Бабаян эса пинагини ҳам бузгани йўқ. Бир неча марта шармандали мағлубиятга учраса ҳам бирор марта хато қилганини, терма жамоани бошқаришга лойиқ эмаслигини тан олмади, хатто мухлислардан узр ҳам сўрамади.

Яна бир муҳим гап. Миллий Терма Жамоа камлик қилганидек Ўзбекистон Олимпия Терма жамоси ҳам шу Самвел Бабаянга берилди ва Ўзбекистон тарихида 23 ёшгача футболчиларни энг кучли таркибини тузиш имконияти бўла туриб, бу ерда ҳам нохолис таркиб танлаши, тушунарсиз тактикаси билан Ўзбекистон футболини Олимпиада йўлланмасидан маҳрум қилди. Шунга қарамай Ўзбекистон Футбол Федерацияси С.Бабаянга ишонишда давом этмоқда.

Халқ билан мулоқот йилида барча соҳалар мутасаддилари халқ билан учрашувлар, савол-жавоблар ўтказишяпти. Лекин, Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбарияти, Терма Жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян бирор марта ҳам халқ билан очиқ мулоқот ўтказмади. Халқда, мухлисларда эса саволлар жуда кўп. Мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар бу тоифа инсонларга тегишли эмасми?

Миллий Терма Жамоага нисбатан, Ватан обрўсига нисбатан бундай муносабатнинг асл сабабларини аниқлаш вақти келди.
Сиздан илтимос, мамлакатимиз халқаро аренада футбол бўйича 10 йиллар давомида тўплаган обрўни Ўзбекистон Футбол Фелерацияси мансабдор шахсларининг лоқайдлиги оқибатида ҳамда ўз ишини устаси бўлмаган бир мураббий сабабли йўқ бўлиб кетишига йўл қўйманг.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш