40664

Тошкент вилояти прокуратураси талон-торож қилинган ерларни қайтармоқда

Жамият 31 май 13:52 322

Вилоят бўйича жами 3133 гектар ер майдонлари ноқонуний равишда тарқатиб юборилган, 41,5 гектар ер майдони фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Тошкент вилояти прокуратураси органлари томонидан ер муносабатларига оид қонунчилик ижросининг аҳволи мунтазам равишда ўрганиб келинмоқда.

Ўтказилган текшириш ва мониторинглар, жойларда ерларни ноқонуний тарқатиб юборилиши ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатларига йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.

Биргина Бўстонлиқ туманида, 2018 йилнинг ўтган даврида 93 та ҳолатда 450 гектар ер майдонлари ноқонуний равишда тарқатиб юборилганлиги аниқланган.

Ёки, Тошкент туманида 255 гектар, Зангиотада 76 ва Қибрай туманида 31 гектар ер майдонлари қонунга зид равишда тарқатилган.

Шу каби ҳолатлар бўйича вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Жиноят ишининг тергови доирасида Бўстонлиқ тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ш.Мадазов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Вилоят бўйича 550 та ҳолатда жами 3133 гектар, шундан 2518 гектар қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган ер майдонлари ноқонуний равишда тарқатиб юборилган бўлса, 58 та ҳолатда 41,5 гектар ер майдони фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Қонунга зид равишда эгаллаб олиниб, маиший ва бошқа бинолар қуриб олинган ер майдонларини бугунги кунда вилоят прокуратураси томонидан давлат захирасига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Изоҳ билдириш