15702

Сафар ОСТОНОВ: Қудалар ўртасидаги келишмовчиликлар кўпинча тўйдан олдин бошланяпти

Жамият 21 август 12:12 534

Айни кунларда фуқароларимиз орасида энг кўп муҳокамалардан бири бу тўйларимиздаги исрофгарчилик ва турли иллатларни бартараф этиш масаласи бўлмоқда. Мазкур масала юзасидан баъзи бир юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Сафар ОСТОНОВ, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири:

— Яқинда Президентимиз ижод аҳли билан бўлган учрашувда жамиятимизда мавжуд бўлган бир қатор ўткир муаммолар ҳақида фикр юритиб, хусусан, бугунги тўйларимизда дабдабабозлик, исрофгарчиликлар бўлаётгани, турли-туман иллатлар ўйлаб топилаётгани ҳақида куйиниб гапирди. Аччиқ мисолларни келтирди. Миллий қадриятларимиз, маданиятимизга ёт бўлган бу иллатларга бутун жамоатчилик эътибори қаратилди.

Тошкентда тўйдан олдин мебель олиш қиз томоннинг зиммасига юкланади. Ҳозир бу иллат вилоятларга ҳам етиб борди. Узоқ қишлоқларда ҳам қиз томондан мебель талаб қилиш кучайиб боряпти. Кўп келишмовчиликлар ана шундан бошланаяпти. Вилоятларимизда «ўзига хос удумлар» пайдо бўлаяпти.

Президентимиз маърузасида таъкидлаганидек, тўй бир одамнинг, оиланинг шахсий иши эмас. Тўй — бу тарбиявий масала, тўй — бир оиланинг қандай яшаб кетишига таъсир қиладиган, тақдирини ҳал этадиган масала.

Қудалар ўртасидаги келишмовчиликлар кўпинча тўйдан олдин бошланяпти. Тўй ўтади, низо бошланади. «Олиб келган мебели арзон экан, менга ёқмади, машинадан туширманг, орқага қайтаринг», — дейди куёв бўлмишнинг онаси… Президентимиз айтганидек, кўп одамлар тўйдан кейин инсульт ёки инфаркт бўлаяпти. Бу фожиаларга бефарқ қараш, эртага оғир оқибатларга олиб келади.

Бу иллатлар, дабдабабозликлар пайдо бўлишининг сабаби нимада? Уларни бартараф этиш учун нималар қилмоғимиз керак? Қандай механизмларни таклиф эта оламиз? Тўй-маъракаларимизни ким тартибга солиши керак?

Абдулҳамид ЖУМАНОВ, Шайхонтоҳур тумани, «Ўзбекистон» маҳалласидаги Доруссалом жомеъ масжиди имом хатиби:

— Яхши урф-одатларимиз кўп. Аммо тўй қилиш бўйича аниқ мезонлар, тавсиялар йўқлиги учун ҳамма ҳар томонга тортиб кетяпти. Натижада ҳар хил ортиқча харажатлар пайдо бўла бошлади.

Тўй қандай даражада бўлишини ҳар икки қуда келишиб белгиласа, яхши бўларди. Бугун соф урф-одатларимиздан, миллийлигимиздан келиб чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғини, оқсоқоллар, депутатлар бамаслаҳат муайян бир қоидани ишлаб чиқсак, тўйларни тартибга солишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Барча миллий анъаналаримиз замирида, яхшилик, эзгу-мақсад, чиройли шакл, кўриниш бўлган. Лекин орадан вақт ўтиши билан айримлар тўқликка шўхлик, ўзини кўрсатиш, мақтаниш учун янги одатларни ўйлаб топа бошлади. Масалан, чилла нима дегани? Чилладан мақсад — янги келин-куёвни ҳимоя қилиш бўлган. Унинг замирида куёв кечаси кўча-кўйда юрмасин, кўпроқ аёлининг ёнида бўлсин, чунки келин оилага янги келган, унга ўргансин, ўзини ёлғиз сезмасин, деган эзгу мақсад ётади. Келин бўлмиш 40 кун давомида куёвнинг уйидаги муҳитга, оиласига, янги даврага кўникиб, бемалол яшайдиган бўлади. Ҳозир бу қадриятга ҳам ҳар хил нотўғри тушунчалар аралашиб кетди.

Тўғриси, ҳаммамиз тўйларда қатнашамиз, ортиқча ҳашамларни биламиз, қоралаймиз, лекин шу салбий одатларни ўзимиз ҳам такрорлайверамиз. Фалон пул тўлаб тўйга жалб этилган қатор-қатор машиналарнинг кўчаларда қатновга халақит бериб, авария ҳолати туғдиришидан тортиб, тинимсиз сигнал чалиб, одамларнинг ғашига тегишига ҳам бефарқ қараймиз. Келинимизнинг европалашган кийимларига қарашга одам уялади. Ёки келин-куёвнинг тўйхонада бир-бири билан, ҳатто қайнона-қайнотаси билан вальс тушиши, келиннинг тўйда ашула айтиши қайси миллийлик, мусулмончилик ўлчовларига тўғри келади?

Яна бир оғриқли масала бор. Илгари келинларимизда шарқона иффат, одоб-ҳаё, ийманиш бўларди. Бугун тўйларда келиннинг «гул отиши» одат тусига кирди. Ким ўйлаб топди, бундай уятсиз ҳаракатларни… Келин-куёвнинг тўйда бирга рақсга тушиши кўнглимизни ғаш қилиб келарди. Ҳа, энди ёшларда, деб лоқайд қарардик. Бугун улар «танца» тушишяпти. Бизга нима бўлди ўзи, деб ўйланиб қолаяпмиз. Булар ахлоқ-одобимизга ёт эмасми, «оммавий маданият» кўриниши эмасми?..
Собир МЎМИНОВ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— Тўйлардаги бугунги иллатларни келиб чиқишининг асосий сабабчиси ўзимиз. Яъни, аёллар томонидан йўл қўйиладиган исрофгарчиликларга аёллар, эркаклар томонидан йўл қўйиладиган камчиликларга эркаклар сабабчи. Биринчи навбатда, уларнинг ҳаммасини инсофга чақириш керак.

Маърифатдан, дин-диёнатдан оз-моз хабари бор, илмли инсон мақтанишни ёмон кўради ва ақлсиз ишларни қилишга уялади. Бу иллатларга илмсизлик, савиясизлик сабабчи. Кейин бечора отанинг қийналиб, кечаси-ю-кундузи ишлаб, топиб келганини осонгина сарфлаётган хонадон соҳибаси сабабчи. Фалончи мана бунақа қилибди, фалон тўйда ана ундай бўлибди, деб эшитиб, шуларга тенглашишга, улардан ошириб юборишга интилишади. Бу иллат, мени кечирасизлар, юқумли касалликка ўхшаб бир зумда тарқалиб кетяпти…

Илгари оила бошлиғи, хонадон эркаги ош ёки никоҳ тўйини элдан баландроқ қилиб ўтказишни ўзига уят деб билган. Ҳозир эркаклар ҳам ё майдалашиб кетган, ёки мақтанадиган бошқа нарсаси қолмаган, деган хаёлга борасан, киши.

Шунинг учун мақтанмоқчи бўлган, ёки осон пул топган, ёки қийинчилик билан топган пулининг қадрига етмаган, кимдандир қолмай, деб тўй қилаётган валломатни эл-улус бундай ёнига ўтқазиб, озгина ақлини киритиши керак. Фалончидан қаерим кам, деб эрини эговлаб турган аёлларимизни ҳам маърифатли аёлларимиз инсофга чақириши керак.

Бу ерда яна учинчи шахс иштироки борки, у оила сармояси, ота-она имкониятини ҳисобга олмасдан, «менга мана бу нарсани қилиб берасиз», деб отасига гапини ўтказадиган, онасини менсимайдиган фарзандлар кўпайиб бораётгани одамни қаттиқ ташвишлантиради. Буларнинг ҳаммаси — ўша оилада маънавий тарбия етарли бўлмаганидан далолат беради. Уларга биринчи навбатда оилада, маҳаллада, мактабда бу масалалар бўйича сабоқ бериш керак. Турли жамоат ташкилотлари бор, ёшлар тарбиясига масъул бўлган. Улардан нима иш қилишаётганини сўрайдиган пайт келди.

Абдулҳамид ЖУМАНОВ:

— Бизда тўй ҳақида битта нотўғри тушунча пайдо бўлиб қолган. Нима эмиш, тўй — бу қарз, ҳамма олди-бердилар қарз эмиш. Тоғора келдими, тоғора қайтариш, сарпо қилдими, сарпо қайтариш шартмиш. Баъзи одамлар тўёна йиғиб олиш ниятида дастурхон ёзиши ҳам бор гап. Холислик, самимият йўқ. Аслида тўйдан мақсад — ёш келин-куёвнинг турмуш қурганини эълон қилиш холос, бошқа нарсани таъма қилиш керак эмас. Бу катта иллатлардан биттаси. Демак, бу ерда ғаразли мақсад, нотўғри тушунча турибди. Масалан, мен сизга яхшилик қилиш орқасидан ниманидир кутаман, бу мутлақо бўлмайдиган иш. Динда, шариатда бировга ҳадя бериш, бировни холис таомлантириш, яхшилик қилиш остида ҳеч қанақа таъма кўзда тутилмайди.

Собир МЎМИНОВ:

— Қадимдан тўйларимизга тўй эгаси қайси санъаткорни яхши кўрса, ўшани олиб келган. Тўйда айтиладиган қўшиқлар ҳам тўйга мос бўлган. Маъноли-мазмунли, кишига маънавий озиқ берадиган, кўнгилни яйратадиган қўшиқлар айтилган. Бугунги тўйларда шуларга ҳам эътибор берилмай қўйди. Ҳаттоки тўйларга ҳар томонлама маданиятли санъаткор эмас, балки ҳамманинг қўшиғини фонограмма орқали худди ўзиникидек қилиб айтадиган отарчилар кўпроқ таклиф қилиняпти.

Тўй — бу тарбия, тўй — бу тарғибот. Тўйда миллий урф-одатларимиз, миллий қўшиқларимиз намойиш қилинса, бу ёшлар тарбиясига ҳам ижобий таъсир қилади.

Менинг кузатишларимдан хулосам шуки, келиннавкар, вальс тушиш ва шу каби бошқа дабдабаларнинг оммалашиши негизи тўй бюроларига бориб тақалади. Тўй ҳаракатини бошлаб, келин-куёв учун машина буюртиришга тўй бюросига борсангиз, сизга турли-туман, янги-янги «маросимлар»ни таклиф қилишади, тиқиштиришади, қизиқтиришади…

Ҳозир ҳамма замонавий тўйлар шунақа ўтказилади, «севги тарихи» эсдалик бўлиб қолади, келиннинг дугоналари бир хил кийимда бўлса, чиройли бўлади, тортнинг «ўзи юриб» келадиганини олиб келамиз ва ҳоказолар деб бошингизни айлантиришади. Бу таклифларни эшитганидан кейин кўплар «майли» деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолади. Аслида улар тўйингиз чиройли, мазмунли ўтишини ўйлашаётгани йўқ, уларнинг дарди турли тадбирларни кўпайтириб, кўпроқ пулингизни олиш.

Ҳатто хориж мамлакатларининг турли хил иллатларини тўйларимизга тиқиштираётганлар ҳам аввало тўй бюролари. Уларни назорат қилувчи ташкилот йўқ. Эътироз билдирсангиз, сизга лицензиясини рўкач қилади…

Абдулҳамид ЖУМАНОВ:

— Тўй масаласида шариатда ҳеч қандай олди-берди, пул-маблағ аралашган жойи йўқ. Афсуски, пул билан боғлиқ ҳар хил иллатлар ҳамон яшаб келаяпти. Масалан, сут пули нима дегани? Чуқурроқ суриштириб борсангиз, авомнинг тушунчаси онаси фарзандига сут эмизгани учун бериладиган пулдан нарига ўтмайди. Буни чуқурроқ тушунтириб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Биринчидан, она сутининг баҳоси бўлмайди, у асло пул билан ўлчанмайди. Иккинчидан, куёвга сут пулини тўлаш мажбурий эмас. Қалин масаласи ҳам мажбурий эмас, қадимий урф-одатларимиздан келиб чиқадиган бўлсак, бу келин томонга тўй-харажатларини енгиллатиш маъносида ўзига хос кўмак бўлган.

Агар маълум миқдордаги маблағ ҳақиқатдан ҳам кўмак мақсадида бериладиган бўлса, бу жуда яхши одат. Сиз қиз ўстирдингиз, улғайтирдингиз, энди тўй қиляпсиз, шуни олиб, кам-кўстларга ишлатарсиз, дейилса, бу бошқа гап. Лекин мажбуриятга айланса, фалон пул берасан, деб туриб олинса, бу бир томонни қийнаш, машаққатга солиш бўлади.

Дабдабали, ном чиқаришга қилинаётган тўйларнинг асосий сабаби — ҳирс. Ҳирс бор экан, тўйдаги исрофгарчиликни меъёрга солишнинг имкони йўқ. Ҳирсни меъёрга солиш керак. «Шундай тўй қилгинки, одамлар умрбод эслаб юришсин, йиллаб гапиришсин. Кимдан каминг бор, сендан камбағалроқ одам ҳам данғиллама тўй қилмоқда, одамлар олдида обрўйингни кетказма», — деб, ҳирсимизни уйғотишади.

Бу иллат — ҳирс. Ҳирсни тарбиялаш керак. Ҳирсни ўлдириш керак. Ҳирсни йўқотсак, ҳамма иллатлар барҳам топади.

Ўзини бошқалардан юқори қўядиган, манманликка берилган инсонларни то улар шу йўлдан қайтмагунича, яхшиликка чақираверишимиз керак. Улар бўлди, бу фикримдан қайтдим, демагунча, чақириб суҳбатлашишдан чарчамаслигимиз лозим. Чунки ҳамманинг тушуниши, қабул қилиш даражаси ҳар хил бўлади.

Биз тарғибот-ташвиқотни, тушунтириш ишларини тўхтатмаслигимиз керак. Кимнидир жаримага тортиш, жазолаш қочмайди, унга улгурамиз. Лекин тарғибот-ташвиқот ишларини тўхтатиб қўймаслигимиз керак. Бўлди, бунга гап таъсир қилмас экан, деб осон таслим бўлиш ярамайди.

Маҳаллада қайсар, ўз билганидан қолмайдиган инсонни керак бўлса, ўша ҳудуднинг имоми яхшиликка чақирсин. Агар у инсон бунга қулоқ солмаса, шаҳар имомидан илтимос қилиб, уни бу ишга жалб қилиш керак. Бу ҳам етарли бўлмаса, мусулмонлар идорасидан имомларни таклиф қилиб, тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Бунда ҳам етарли бўлмаса, бошқа таркибда комиссия тузиб, тарғибот-ташвиқот ишларини давом эттиравериш мақсадга мувофиқ бўлади, деган таклифни айтган бўлардим. Кимнингдир гапи барибир ўша одамга таъсир қилади.

Исрофнинг ҳар қанақа кўриниши динда ман қилинади. Ҳаттоки, садақани ҳам ҳаддан ташқари кўп бериш ўша одамнинг муҳтожликка олиб келишига сабаб бўлса, бу ҳам исроф саналади. Ортиқча юкни зиммамизга олишимиз ўзимизни ҳалокатга ташлаш билан баробар бўлади. Бой ёки камбағал бўлишидан қатъи назар, бу нарса ҳаммага оғир ёки ҳеч бўлмаса, малол келади.

Водийда келин томоннинг тўйдан кейин куёвнинг уйига 40 кун мобайнида овқат ташиши ачинарли ҳол. Одамнинг йўлдан адашиб кетиши шу даражага бориши керакми? Адашиш шунақанги нарсаки, у одамни хунук, кулгили ҳолатга солиб қўяди. Ташқаридан қараган одам унинг бу ҳолатига фақатгина ачинади.

Менинг 3 нафар қизим бор. Уларни ўстирсам, улғайтирсам, турмушга бериб юборсам-да, кейин орқасидан овқат ташиб юрсам, яна овқатинг сифатига эътироз билдирса, одамнинг устидан кулиш, таҳқирлаш, қадр-қимматини ерга уриш эмасми? Қизингизни олганим учун бўйнингизни эгиб юринг, дегандек бир нарса бу, уят бу.

Телевидение, радио ва матбуотда одамларнинг фикри бир жойдан чиқади, ҳамма чиройли гапиради, лекин амалда ҳеч нарса кўринмаяпти. Ким қиляпти бу данғиллама тўйларни? Нега исрофгарчиликларга йўл қўйилаяпти? Чунки тарғибот изчил эмас, амалий чора кўрмаяпмиз. Гапимиз бошқа, қилган ишимиз бошқача бўлиб қоляпти.

Сафар ОСТОНОВ:

— Никоҳ тўйи ҳар бир инсон ҳаётидаги бахтли, тарихий воқеа. Тўйни ҳеч ким тақиқламоқчи эмас.

Фақат тўйларимиз чиройли, маданиятли ўтсин, сарф-харажатлар меъёрида бўлсин, ота-оналар қийналиб қолмасин, исрофгарчиликларга йўл қўйилмасин, дейилмоқда.

Ота-оналар эътибори тўйни дабдабали қилиб ўтказишга эмас, ўзига муносиб куёв ва келин танлашга, фарзандлари бахтини ўйлашга қаратилиши керак дейилмоқда.

Агар тўй-маъракаларда бугун авж олаётган иллатларга қарши жиддий курашилмаса, маънавий-маърифий тарғибот ишлари изчил, таъсирчан олиб борилмаса, эртага янада оғир муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Тўқликка шўхлик, мақтанчоқлик, исрофгарчиликлар, дабдабабозлик, бир сўз билан айтганда, нодонлик ва ношудликларнинг олди олинмаса, бу иллатлар, маърузада айтилганидек, миллатимизни маънавий таназзулга етаклайди.

Бизнинг асосий мақсадимиз битта: Тўйларимиз камхарж, ихчам, чиройли, маъно-мазмунли, маданиятли ўтсин. Ёшларимиз бахтли бўлсин!

Изоҳ билдириш