581

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказининг Сурхондарё филиали ташкил этилади

Жамият | Тиббиёт 10 март 14:09 1 004

Сурхондарё вилояти кўз касалликлари шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказининг Сурхондарё филиалини ташкил этиш кўзда тутилмоқда, деб хабар қилади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Ҳозирги кунда  Сурхондарё вилоятида кўз касалликлари шифохонаси фаолият кўрсатмоқда. Аммо 100 ўринга ва амбулатор-маслаҳат поликлиникаси 100 қатновга мўлжалланган ушбу кўз касалликлари шифохонасида  замонавий технология ва менежмент тизими йўлга қўйилмаганлиги туфайли, вилоят аҳолиси малакали офтальмологик тиббий ёрдам олиш учун пойтахтимиздаги республика даволаш муассасаларига мурожаат қилишга мажбур бўлишаётган эди. 2015-2016 йиллар таҳлилига кўра, вилоятдан 9176 нафар бемор Тошкентдаги республика даволаш  муассасаларига мурожаат қилиб, улардан 1757 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир бемор ҳамроҳи билан пойтахтга келиб, даволаниши ва маълум муддат яшаши  учун, тахминан, 1,6 – 2,0 миллион сўм керак бўлади. Хусусан ,офтальмологияда энг кўп қилинадиган жарроҳлик амалиёти — катаракта факоэмулсификация учун 800 минг сўмгача маблағ  сарф қилинади. Бу эса агар бир йилда, 1000 та факоэмулсификация бажарилиши тахмин қилинадиган бўлса, 1,1-1,5 миллиард сўм маблағ харажат қилинади, деганидир. Демак, энди шунча маблағни иқтисод қилиш имкони туғилади.

Шу йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия марказининг Сурхондарё филиалини ташкил этишдан мақсад ҳам, аҳолида кўз касалликлари билан касалланишнинг олдини олиш, кенг тарқалган – катаракта, глаукома, томир тизими касалликлари, диабетик ретинопатия каби хасталикларни ортиқча маблағ харажат қилмай, эрта аниқлаш ва сифатли даволаш имкони яратишдир. Бунда марказни Европа давлатларида ишлаб чиқарилган юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу тиббий ислоҳотлар сурхондарёликларнинг ҳам узоғини яқин, оғирини енгил қилишга ва албатта, тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини самарали қондиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Изоҳ билдириш