14380

Расмий ахборот – Самарқанд вилоятида 15-16 ёшлилар ўртасида 8 та туғруқ қайд этилган

Жамият | Тиббиёт 3 август 13:34 593

Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 6 ойида 15-16 ёшдагилар ўртасида 8 та туғруқ қайд этилган. Бу ҳақида Самарқанд вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А. Жўраев вилоятдаги тиббиёт муассасалари, жумладан, тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятининг самарадорлиги юзасидан берган ахборотида айтиб ўтган.

Вояга етмаганлар орасида бундай ҳол патронаж хизматидан зарур даражада фойдаланилмагани, тегишли назорат ва тарғибот ишларининг сусайтирилгани оқибатида юзага келгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Шунингдек, ахборотга кўра, вилоятда оналар ва гўдаклар ўлими 2017 йилнинг биринчи ярмида 2016 йилга нисбатан камайган бўлса-да, 6 ойда 6 нафар она ва 283 нафар гўдак ўлими қайд этилган.
Вилоятда тез тиббий ёрдам соҳасида мавжуд камчиликлар ҳам бирма-бир санаб ўтилган.

Жумладан, Ургут, Паст Дарғом, Каттақўрғон туманларида белгиланган оилавий поликлиникалар, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Ургут туманларида белгиланган тез тиббий ёрдам шохобчалари ўз вақтида ташкил қилинмаган.
Тез тиббий ёрдам хизматларини қўшимча равишда 111 та автомашина билан таъминлаш ишлари охирига етказилмаган. Мавжудлари замонавий алоқа воситалари (рация) билан таъминланмаган.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари Ургут, Пайариқ, Нуробод, Каттақўрғон, Қўшработ туманларида врачлар билан тўлиқ таъминланмаган, Нуробод, Каттақўрғон, Қўшработ, Оқдарё, Пахтачи, Тойлоқ туманларида эса тез тиббий ёрдам бригадаларида врачлар ўрнига фельдшерлар хизмат кўрсатмоқда.
Паст Дарғом, Тойлоқ, Пайариқ, Ургут, Каттақўрғон туманларида тез тиббий ёрдам бригадалари замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмаган, Каттақўрғон, Пайариқ, Ургут туманларида тез тиббий ёрдам бўлим ва шохобчалари жойлашган 119 та бинодан 64 таси таъмирталаб, 10 таси янги бинога муҳтож.

Янги ташкил этиладиган ва фаолияти кенгайтириладиган хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш учун «Асакабанк» томонидан 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини ажратиш муддатлари чўзиб келинмоқда.

Вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар қатор йиллардан буён ўз ечимини топмаяпти. Тиббиёт муассасаларида фтизиатр, психиатр, онколог, инфекционист, гематолог, рентгенолог ва умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж катта. Мутахассислар малакасини ошириш бўйича белгиланган режалар ижроси таъминланмаяпти.

2017 йилнинг ўтган даври мобайнида малака ошириши лозим бўлган жами врачларнинг 12,1 фоизи, ҳамшираларнинг эса 10,5 фоизи малака оширган, холос.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида қонунбузарлик ҳолатларига тўлиқ барҳам берилмаяпти. Прокуратура органлари томонидан кейинги 2,5 йилда 552 нафар тиббиёт ходими интизомий, 665 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда вилоятда 350 дан ортиқ тиббиёт муассасаси 3 миллион 200 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида 45 минг нафарга яқин, жумладан, 7672 нафар олий маълумотли врач, 28 минг нафарга яқин ўрта махсус маълумотли ҳамшира фаолият кўрсатмоқда.

Изоҳ билдириш