18512

Президент йўлларни кўкаламзорлаштиришга доир қарор имзолади

Жамият 23 сентябрь 11:46 460

11 сентябрь куни Ўзбекистон Президентининг «Автомобиль йўлларидаги кўкаламзорлаштириш ва меъморий-ландшафт қурилмалари тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Бу ҳақда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилади.

Мазкур қарор автомобиль йўлларидаги қурилмаларнинг меъморий-бадиий сифатини тубдан ошириш, Республикамиз автомобиль йўллари бўйларидаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини – йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси масалаларининг замонавий талабларига жавоб берган ҳолда, ягона тизимли ва комплекс асосда шакллантириш сифатини тубдан ошириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси қошидаги «Автойўлкўкаламзорлаштириш» корхонаси «Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» унитар корхонасига айлантирилди.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмасига – кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш масалаларига жавоб берадиган раис ўринбосари лавозими қўшилади ҳамда у бир пайтнинг ўзида «Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» унитар корхонаси директори ҳисобланади. Шунингдек, қўмита таркибида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бошқармаси ҳам ташкил этилади.

Қарор билан «Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» унитар корхонасининг ташкилий тузилмаси ҳамда корхонанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари намунавий тузилмалари ҳам тасдиқланди.

Изоҳ билдириш