18438

Пойтахт аэропортида сохта 20 минг АҚШ долларини олиб ўтишга уринган аёл фош қилинди

Жамият 22 сентябрь 10:52 1 234

Валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва улар чек қўйиш мақсадида республикамиз божхоначилари томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ушбу тадбирлар самараси ўлароқ, яқинда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан кўп миқдордаги сохта валюталарнинг олиб ўтилишига доир божхона қоидабузарлиги фош қилинди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаро Э.Абдулхаеванинг йўл сумкаси божхоначилар томонидан белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, сумкадаги оёқ кийимлари орасига 20 минг АҚШ доллари яшириб жойлаштирилганлиги аниқланди.

Йўловчи божхона декрациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринилган ушбу валюталарни синчиклаб кўздан кечириш давомида божхона ходимларини шубҳалантирган яна бир жиҳат фош бўлди.

Гап шунда-ки, бир қарашда ҳақиқийдек туюлса-да, ушбу купюраларнинг барчаси қалбаки бўлиб чиқди. Буни қалбаки купюраларни аниқлашга ихтисослашган валюта детектори ҳам тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг хулосасига кўра, ушбу купюраларда тўрсимон структуралар ва ҳимоя ленталари мавжуд эмас, пуллар махсус корхоналарда тайёрланмаган, аксинча оддий электрофотографик ва ясси босма усулда чоп этилган экан. Шунингдек, купюралардаги ранглар бир-биридан яққол фарқ қилади.

Суриштирувлар давомида Э.Абдулхаева ушбу пулларни Истанбулдаги нотаниш шахсларнинг илтимосига биноан олиб келаётганлигини таъкидлади. Унинг бу ишонувчанлиги энди унга қимматга тушади. Зеро, амалдаги тартибларни билмаслик кишини жавобгарликдан озод қилмайди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасида ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3 қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу моддага биноан қалбаки чет эл валютасини жуда кўп миқдорда ўтказиш ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 240-моддасига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан божхона чегарасини кесиб ўтаётганда нақд миллий ва нақд чет эл валютасининг олиб ўтилиши устидан назорат бевосита божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Ҳусен Тангриев
“Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати катта инспектори

Изоҳ билдириш