20895

Нотариал идорадаги хатолар

Жамият 17 октябрь 11:43 669

Давлат нотариал идораларига борганингизда, доимо ишингиз силлиқ битавермайди. Бир қарасангиз, хизмат учун қўшимча нарх талаб қилади, бир қарасангиз, турли хатоликлар асабингизни бузади.

Фарғона шаҳридаги Аэропорт кўчасида жойлашган 5-сонли давлат нотариал идорасига қарз шартномасини тузишда имзонинг ҳақиқийлигини  тасдиқлаш (шаҳодатлаш) мақсадида мурожаат қилганимизда нотариус Ф.Полвонов томонидан имзони тасдиқлаб берилган ҳужжатни кўриб ҳайратда қолдик. Чунки бу ерда бошқа бировнинг исм-фамилияси адашиб битилганди. Қайта мурожаат қилинганда, «компютер оператори хато қилгани»ни айтиб ўзларини оқлашди ва хатони тўғрилашди.

Аммо ҳужжатда яна битта хатолик ўтиб кетганини кейинроқ англадик. Расмий рўйхат китобига №1488 рақами билан қайд этилган ҳужжат аслида, 2017 йилнинг 29 июнида расмийлаштирилган бўлса-да, нотариус ходими берган ҳужжатда 29 август санаси кўрсатилган. Фуқаро Бойқўзиев Кобилжон Комилжонович ёзган тилхатда қарз­ни қайтариш муддати икки ой  (29 август кунига)га белгиланган.

Шунингдек, ҳужжат расмийлаштириш учун аслида 2995,5 (икки минг тўққиз юз тўқсон беш сўм эллик тийин) миқдорида давлат божи ва техник тусдаги хизмат ундирилиши лозим бўла туриб, нотариус ёрдамчиси 35 минг сўм ҳақни нотариус хонасида нақд санаб олди.

Хуллас, ким учундир бу иш арзимас бўлиб кўриниши мумкин. Лекин барибир қонун бузилмоқда, фуқаро арзимаган хато учун сарсон бўлмоқда.

Абдулҳай Мамажон ўғли


Изоҳ билдириш