15201

Ижод аҳли меҳнатини рағбатлантириш бўйича Президент қарори

Долзарб янгилик | Жамият 15 август 9:35 554
Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида

2017 йил 14 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3201-сон қарори

Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, шу соҳада меҳнат қилаётган, ўзининг бадиий, ижтимоий-сиёсий руҳдаги ижодий асарлари билан халқимиз маънавиятини юксалтириш, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган шоир ва ёзувчилар, рассомлар, маданият ва санъат ходимлари, журналистлар меҳнатини рагбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш мақсадида:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари шаҳарларда барпо этиладиган кўп квартирали арзон уйлар ҳамда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган арзон уй-жойларга муҳтож фуқаролар рўйхатини белгиланган тартибда шакллантиришда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари ва ходимлари, жумладан, ушбу соҳалардаги истеъдодли ва истиқболли ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи инобатга олинсин.

2. Қуйидагилар:

Илм-фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилгани учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари – 1-иловага мувофиқ;

оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик, адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажаргани учун, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратгани, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш ишлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари, шунингдек, ушбу пул Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланганида унинг энг юқори ставкалари – 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, телевидение ва радио каналлари оркали бериладиган материаллар учун ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари – 3-иловага мувофиқ;

кинофильмлар учун адабий сценарийлар, оригинал мусиқа ва қўшиқлар матнини яратгани учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари – 4-иловага мувофиқ;

кинофильмлар учун маслаҳатлар бериш бўйича мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлашнинг энг кам ставкалари – 5-иловага мувофиқ;

кинофильмлар постановкаси учун уларнинг бадиий даражасига кўра суратга олиш гуруҳларининг ижодий ходимларига постановка қилгани учун тўланадиган ҳақнинг энг кам ставкалари – 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.

Белгилансинки, муаллифлик ҳақи ва унга доир бошқа тўлов турларини ушбу карорнинг 1-6-иловаларида белгиланган даражадан кам миқдорда тўлашга йўл қўйилмайди.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, ижодий уюшмалар ҳамда муаллифлик ҳақи ва унга доир бошқа тўлов турларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлайдиган ташкилотлар юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадлар учун сарфланадиган харажатларни ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида бўлишини қатъий таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

5. Ушбу карорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммасига юклансин.

 

            Ўзбекистон
Республикаси Президенти                                                                Ш.Мирзиёев


Изоҳ билдириш