35964

Фарғонада сохта ички ишлар майори қўлга олинди

Жамият 13 апрель 9:27 296

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган авторейд тадбирлари давомида сохта майор қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азиз Эрматов хабар берди.

Вилоят ИИБдан олинган маълумотга кўра, Фарғона тумани, Фарғона кўчасида ҳаракатланиб келаётган Matiz автомашинаси тўхтатилиб, ҳайдовчидан транспорт воситасига тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралган. Ҳайдовчи ўзини ички ишлар ходими сифатида таништириб, майор махсус унвони бўлган гувоҳнома кўрсатган.

Ҳайдовчига тегишли ички ишлар органлари хизмат кийимида бўлган майор фотосурати ёпиштирилган гувоҳнома кўзда кечирилганда, унинг сохталиги маълум бўлган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ўзини ички ишлар органи ходими сифатида таништирган шахс муқаддам судланган, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1970 йилда туғилган Махаммат Тўланов эканлиги аниқланди.

Ҳозирда бу иш бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқандда сохта капитан, Тошкент шаҳрида эса сохта ЙҲХБ ходими қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ билдириш