1120

Дори-дармон таъминоти муаммолари ҳал қилинмоқда

Жамият 19 март 14:28 362

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда 150 фармацевтика корхонаси томонидан 2200дан ортиқ дори воситалари ва тиббиёт буюми ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу хақида «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳожибоев, «Дори-дармон» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси А.Комилов, «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик концерни бошқаруви аппарат раҳбари Н.Иброҳимов ва бошқалар сўзга чиқиб, инсон саломатлигини муҳофазалашда аҳолини сифатли, арзон дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим омил бўлишини таъкидлади. Журналистлар эътиборига тақдим қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда 150 фармацевтика корхонаси томонидан 2200дан ортиқ дори воситалари ва тиббиёт буюми ишлаб чиқарилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5-январ ва 7-феврал кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан учрашиб соҳадаги муаммоларни жиддий танқид остига олган эди.

Анжуманда таъкидланишига кўра, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги ва аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш борасида чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби бузилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Истеъмолчиларнинг бу борадаги мурожаати, таклиф, ариза ва шикоятларини ўз вақтида ҳал этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (0371) 242-84-16 рақамли “ишонч телефони” ишга туширилди. Ҳар бир мурожаат Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, қонун доирасида ҳал этилмоқда.

Изоҳ билдириш