16839

Даврон Кабулов: Йўл-патруль хизмати ходимлари концертдан сўнг бизга қарши «уруш» очган (видео)

Жамият | Фотопроектлар 4 sentyabr 11:58 3 204

«Миллион» кулгу жамоасининг сўнгги концерти дастури дисклари сотувга чиқиб, YouTube тармоғида пайдо бўлганидан сўнг, йўл-патруль хизмати ходимлари жамоа аъзоларига нисбатан қаттиққўлликни оширган. Бу ҳақда жамоа аъзоси Даврон Кабулов журналист Феруз Муҳаммадга маълум қилди, деб ёзади Дарё нашри.

Унинг таъкидлашича, авваллари майда қоидабузарликлар учун шунчаки оғзаки огоҳлантириб, сўнг ҳужжатларини қайтариб берган йўл назоратчилари яқинда, концерт дисклари сотувга чиққанидан сўнг унинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйган.

Илк бор рулга 13 ёшимда ўтирганман. Отам эркак кишига керак бўладиган ишларни пухта ўрганишим учун болалигимдан қаттиқ киришганлар. Ҳайдовчилик гувоҳномамни камдан-кам олдираман. 17 йил ичида тўрт ё беш марта олдирган бўлсам керак.

Кўпинча, йўл-патруль хизмати ходимлари таниб қолади ва, майда қоидабузарлик бўлса, огоҳлантириб қўйиб юборади. Баъзилари эса 20—30 дақиқа гапга солиб, охирида: «Муомаланг ёқди», деб ҳужжатларни қайтаради.

Аммо «Миллион»нинг сўнгги концерти диски сотувга чиққанидан кейин ҳеч қандай муомала ёрдам бермаяпти. Йўл-патруль хизмати ходимлари концертдан сўнг бизга қарши «уруш» очган — 5 йилдан бери олдирмаган гувоҳномамни яқинда қўлимдан олиб, дарҳол ёзишга тушишди. Саломлашишга ҳам улгурмадим (кулиб).

Саҳнадаги ҳазилни жиддий олиб, йўқ жойдан дори қутичасини текширишга, олд чироқнинг ёруғини ўлчашга киришиб кетадиганлари ҳам йўқ эмас. Мен-ку майли, жамоамизнинг қолган аъзолари концертдаги ҳазиллардан кейин жарима майдончаларининг «доимий» меҳмонига айланиб қолишди (кулиб).

«Миллион»нинг сўнгги концерти Тошкент шаҳри чорраҳаларида қоидабузарликларни қайд этувчи кузатув камералари ишга тушгани (15 март)дан сўнг — апрель ойида бўлиб ўтган эди. Концертда камералар ишга тушганидан сўнг гўёки ноқонуний даромад манбаларидан қуруқ қолган ЙПХ ходимлари ҳажв остига олинган.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар