5550

Ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини автомобилда ташув хавфсизлиги назоратчилари текширишади

Жамият 7 май 8:56 376

Назоратчи хизмат вазифасини бажараётган вақтида йўл ҳаракати иштирокчиларидан яширинмасдан уларга аниқ кўринадиган ва қоидабузарликни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берадиган жойни танлаши шарт

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида автомобилда ташув хавфсизлигини таъминлаш бўйича назоратни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги Низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Автомобилда ташув хавфсизлиги назорати йирик йўловчи ва юк ташиш масканларида (темир йўл вокзаллари ва станциялари, дарё портлари, метрополитеннинг сўнгги бекатлари, йўналишлардаги сўнгги ва оралиқ бекатларда) амалга оширилади.

Инспекция автомобилларига «Автотранспорт назорати» ёзуви, Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги логотипи туширилади, қизил-кўк маёқ ҳамда овозкучайтиргич билан таъминланади. Инспекция ходими автотранспортни махсус таёқча, овозкучайтиргич ёки қизил-кўк маёқни ёқиш орқали тўхтатади. У исм-шарифи, лавозимини айтиб ўзини таништириши, хизмат гувоҳномасини кўрсатиши, шундан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномаси (ҳайдовчининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат), йўл варақаси, лицензия карточкаси, транспорт воситасининг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларни сўраши лозим. Қонун бузилиши ҳолати аниқланганида назоратчи шахс икки нусхада баённома тузиб, баённомалардан бирини ҳайдовчига, иккинчисини эса тегишли идорага топширади. Назоратчи шахснинг имзоси унинг шахсий рақамли муҳри билан тасдиқланади. Қоида бузган шахс баённоманинг ҳар икки нусхасига имзо қўйиши шарт. Баённомага имзо чекиш рад этилганида бу ҳақда тегишли ёзув киритилади.

Қонун бузилиши ҳолати аниқланмаган ҳолларда назоратчи шахс йўл варақасига (хориж автотранспорт воситаси учун рухсатнома бланкининг орқа тарафига) назоратдан ўтказилгани ҳақидаги штамни босади, ҳисоб юритиш ва рўйхатга олиш журналларига тегишли ёзувларни киритади. Назоратчи шахс томонидан босилган штамп текширилган транспорт воситасининг манзилга қадар қайта текширувларсиз бориши учун асос бўлади. Инспекция ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтида йўл ҳаракати иштирокчиларига аниқ кўринадиган ва қоидабузарликни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берадиган жойни танлаши шарт. Қоронғу ва кўриш чекланган вақтларда назоратчи йўлнинг ёритилган қисмида туриши ҳамда нурланувчи таёқча ва нур қайтарувчи либосда бўлиши лозим.

Изоҳ билдириш