20908

50 минг сўмликни қалбакилаштиришда гумон қилинган шахслар ушланди

Жамият 17 октябрь 14:20 693

Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган К.Ҳошимжонованинг аризасида ёзилишича, 15 октябр куни соат 23:30 ларда ўзига тегишли бўлган «Қамбарова Ойша» ЯТТ савдо дўконида савдо қилаётган вақтида Epica русумли 10 N 110 FA давлат рақам белгили автомашинада тўрт нафар номаълум шахс келган.

Улар ундан 26 минг сўмга нарсалар харид қилиб, тўлов учун 50 минг сўмлик купюра бериб кетишган. Аёл улар кетишганидан сўнг купюра ҳақиқий эканлигига шубҳа туғилиб, бу ҳақда ИИБ ходимларига хабар берган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида мазкур ҳолат юзасидан гумон қилинган У.Мирзараҳматов, Ф.Носиров, А.Абдураҳимов ва Ф.Гилязов ушланган, деб хабар бермоқда uz24.uz.

Шунингдек, суриштирув жараёнида У.Мирзараҳматов, Ф.Носиров, А.Абдураҳимов ва Ф.Гилязовлар Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Яллама МФЙ ҳудудида жойлашган «Балиқ» чойхонасида овқатланиб, 235 минг сўм ичига 1 дона қалбаки 50 минг сўмлик купюрани қўшиб тўлов қилганлиги аниқланиб, ушбу купюра далилий ашё сифатида олинган.

Вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосасида, тақдим қилинган серия рақамлари бир хил — АW 1617005 бўлган икки дона 50 минг сўмлик купюра томчи пуркагич рангли принтерда тайёрланганлиги, ушбу технология Ўзбекистон миллий валютасини ишлаб чиқариш технологиясига мос келмаслиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оқолтин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан У.Мирзараҳматов ва унинг шерикларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 176-моддаси 2-қисми «а» банди (қалбаки пул ясаш ва уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ билдириш