41607

Январь – май ойларида амалга оширилган қурилиш ишлари неча сўмни ташкил этади?

Иқтисод 11 июнь 16:54 290

Жорий йилнинг январь – май ойларида Ўзбекистон Республикасида жами 16 551,7 млрд. сўм қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111,5%ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Жами қурилиш ишлари ҳажмидан йирик пудрат ташкилотлари томонидан 5 402,0 млрд. сўм қурилиш ишлари бажарилиб, жами қурилиш ишлари ҳажмидаги улуши 32,6% ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 134,0%ни ташкил этди.

Кичик корхона ва ташкилотлар, микрофирмалар ҳиссасига жами қурилиш ишлари ҳажмининг 41,8%и ёки 6 912,7 млрд. сўм тўғри келди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,3%ни ташкил этди, норасмий сектор ҳиссасига эса 25,6% ёки 4 237,0 млрд.сўм тўғри келди ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 95,3%ни ташкил этди.

Йирик пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишларининг энг кам улуши Жиззах вилоятида кузатилди 1,3%. Бу ҳудудда қурилиш ишларининг асосий қисми кичик ташкилотлар ва микрофирмалар томонидан бажарилиб, мазкур ҳудуддаги жами қурилиш ишларининг 61,1%ини ташкил этди. Норасмий сектор томонидан эса 37,6% қурилиш ишлари бажарилди.

Сирдарё вилоятида кичик ташкилотлар ва микрофирмалар томонидан бажарилган қурилиш ишларининг улуши энг катта бўлди – 75,7%. Мазкур ҳудудда йирик ташкилотларнинг улуши 4,1% ва норасмий секторнинг улуши 20,2%ни ташкил этди.

Қурилиш ишларининг ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш сурати Навоий ҳамда Тошкент вилоятларида кузатилди. Навоий вилоятида «Ауминсо-Амантой конлари» да олтин-маъданли конларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича конларни қуриш, Амударё-Зарафшон сув йўлида насос станциясини реконструкция қилиш каби лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани туфайли ушбу ҳудудда ўсиш суратининг 124,7% бўлишини таъминлади.

Тошкент вилоятида якка тартибда турар жой қурилишининг жадал бориши туфайли ўсиш сурати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,8% бўлиши таъминланди. Тошкент шаҳридаги юқори ўсиш сурати, яъни 111,7% метро линияларининг қурилиши,

Тошкент шаҳар ҳалқа йўлида электропоездлар учун темир йўл қурилиши ва бошқа лойиҳаларнинг бажарилиши натижасидир.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича қурилиш ишларининг асосий қисми қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, турар жой ва яшаш учун мўлжалланган бинолар қуриш ҳамда яшаш учун мўлжалланмаган биноларни қуриш бўйича амалга оширилган қурилиш ишларидан ташкил топди. Уларнинг улуши жами қурилиш ишлари ҳажмида 78,8%ни ташкил этди ва ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,6% пунктга кўпайди.

Фуқаролик объектлари қурилиши ҳажми жорий даврда 10,3%ни ташкил этиб, ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 0,1% пунктга камайди. Ихтисослаштирилган қурилиш ишлари ҳиссасига эса 10,9% тўғри келди ҳамда ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,5% пунктга камайди.

Бинолар ва иншоотларни қуриш бўйича қурилиш ишлари таркибида йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми улуши 31,7%ни ташкил этиб, ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 6,9% пунктга кўпайди. Бу кўрсаткич бўйича кичик ташкилотлар ва микрофирмаларнинг улуши 36,5% (1,0% пунктга кўпайиш) ва норасмий сектор 31,8%ни (5,8% пунктга камайиш) ташкил этди.

Фуқаролик қурилиши объектларини қуриш ишлари бўйича йирик пудрат ташкилотларининг улуши 47,0%ни ташкил этди ва ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 6,2% пунктга кўпайди. Шунингдек, кичик ташкилотлар ва микрофирмалар улуши 47,8% (5,3% пунктга камайди) ва норасмий секторнинг улуши 5,2%ни (0,9% пунктга камайди) ташкил этди.

Ихтисослаштирилган қурилиш ишлари таркибида йирик пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажмининг улуши ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 4,8% пунктга камайди ва 25,8%ни ташкил этди. Қолган 74,2% кичик ташкилотлар ва микрофималар ҳиссасига тўғри келиб, ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 4,8% пунктга кўпайди.

Бинолар ва иншоотларни қуриш бўйича ишларни ҳудудлари кесимида кўрадиган бўлсак, энг юқори кўрсаткич 83,7% Навоий вилоятида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич 65,3% Тошкент шаҳрида қайд этилди.

Фуқаролик қурилиши объектларини қуриш ишлари бўйича энг юқори кўрсаткич Сурхондарё вилоятида қайд этилиб, 25,0%ни ташкил этди. Бу борадаги энг паст кўрсаткич 6,1% Андижон вилоятида кузатилди.

Ихтисослаштирилган қурилиш ишлари бўйича энг юқори кўрсаткич эса Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди ва ушбу ҳудуддаги жами қурилиш ишларининг 23,7%ини ташкил этди.

Изоҳ билдириш