48692

Яна бир соҳа ходимларига уй ва машина учун фоизсиз қарз берилади

Иқтисод 30 октябрь 11:12 3 381

Ҳукумат қарори билан Прокуратура органлари ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар берди “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Мазкур низом Бош прокуратура, Бош прокуратура Академияси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси, Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ва Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг бошқарув ходимлари, шунингдек, прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ходимларига имтиёзли шартларда кредитга уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун дастлабки бадални киритиш мақсадида Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоизсиз қарз бериш тартибини белгилайди.

Бунда қарз бериш масалаларини кўриб чиқиш учун комиссия ташкил этилади.

Ходим қарз олиш учун комиссияга ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

паспорт нусхаси;
уй-жой ёки автотранспорт воситасини сотиб олиш юзасидан тузилган шартнома нусхаси;
кафилнинг паспорти нусхаси ва даромадлари тўғрисидаги маълумотнома.
Қарз миқдори сотиб олинадиган уй-жой ва автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.

Қарз шартномаси Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ва ходим ўртасида, қоида тариқасида, автотранспорт воситаси бўйича 5 йил, уй-жой бўйича эса 10 йил муддатга тузилади.

Ходимнинг эҳтиёжини инобатга олиб, муайян кредит тури учун қарз берилган вақтдан 3 йил ўтгач ва қарз тўлиқ қайтарилган тақдирда ана шу кредит тури бўйича такроран қарз берилиши мумкин.

Изоҳ билдириш