35640

Ўзмиллийбанк томонидан 2017 йилда 3,1 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди

Иқтисод 6 апрель 17:30 177
Фото: Uz Report

2018 йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янги инвестицион ва инновацион ғояларни топиш ва амалга ошириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспортини молиялаштириш масалалари бўйича белгиланган чора тадбирлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари хамда Ўзмиллийбанкнинг мутассадди ходимлари иштирок этди.

Маълумки, бугунги кунда Давлатимиз Раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан республикамизда кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг мазкур тармоғи учун янада қулай шароитлар яратиш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорти улушини ошириб боришга қаратилган қатор муҳим Фармонлар ва Қарорлар қабул қилиниб тегишли вазифалар белгилаб берилган.

Берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзмиллийбанк томонидан кичик бизнесни ривожлантиришга инвестициялар жалб қилинишини жадаллаштириш ва ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёрланган лойиҳаларни молиялаштириш билан бирга янги иш ўринларини яратиш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзмиллийбанк тизимидаги филиаллар томонидан 2017 йилда жойларда кичик бизнес субъектлари томонидан интенсив кўчатлар етиштириш, интенсив боғлар яратиш, мева ва сабзовотлар етиштириш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва музлаткичли омборхона ташкил этиш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини ошириш, клиникаларни замонавий жарроҳлик ва диагностик медицина асбоб-ускуналар билан таъминлаш ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантириш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва ҳавфсиз дори-дармон воситалари билан тўлдириш, маҳаллий хом ашё базасини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи дори-дармонлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида тайёрланган 265 та лойиҳаларни молиялаштириш учун 3,1 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Жумладан, Сурхондарё вилоятида 23 та лойиҳа 556 млрд. сўмга, Самарқанд вилоятида 18 та лойиҳа 404 млрд. сўмга, Андижон вилоятида 29 та лойиҳа 263 млрд. сўмга, Навоий вилоятида 10 та лойиҳа 258 млрд. сўмга ва Тошкент шаҳрида 31 та лойиҳа 315,0 млрд.сўмга молиялаштирилди.

Шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурларига асосан 46 600 та янги ишчи ўринларини яратиш режалаштирилган 2 870 та лойиҳаларни молиялаштириш учун банкнинг 5,6 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилади. Жумладан, саноат соҳасидаги 466 та лойиҳаларга 3,9 трлн. сўм; хизмат кўрсатиш соҳасидаги 836 та лойиҳага 622,0 млрд. сўм, қишлоқ хўжалиги соҳасида 1 571 та лойиҳага 1,1 трлн. сўм банк кредитлари ажратилади.

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини барпо этишга 868,0 млрд. сўм ва замонавий иссиқхоналар ташкил қилишга 262,0 млрд. сўм узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағлари ажратилади.

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан жаҳон тажрибаларини ўрганиш, сифатли экспортбоп ва импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун янги инновацион ғояларни амалга ошириш учун инвестициялар ажратилмокда.

Жорий йилнинг 23 мартида муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланган “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620-сонли Қарори ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига янада қулайлик яратиш, банк хизматлари тезкорлигини таъминлаш ҳамда банк тизимига бўлган ишончни янада ошириш мақсадида қабул қилинган навбатдаги қарор бўлди.

Ушбу қарорга асосан Ўзмиллийбанк томонидан дастлабки руҳсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз мижозларга бевосита хизмат кўрсатиш ҳудудига тўсқинликсиз кириш шароитлари яратилган “Намунавий филиал сифатида”, Банкнинг Тошкент шахар Янгиобод филиали қайта жиҳозланиб чиқилди, бунда мижозларга хизмат кўрсатиш заллари 2 га бўлиниб, юридик мижозлар учун алоҳида, чакана амалиётлар учун алоҳида заллар белгиланган. Хусусан, фронт офис ва бэк-офислар хам алоҳида ажратилган.
Эндиликда банк биносига киришда мижозларни қуриқлаш хизмати ходимлари эмас, балки ресепшен (банк ходими) ходимлари кутиб олади, мижозларни дастлабки қабул қилишда ушбу ходимлар банк хизматлари ва банк тарифлари хақида бирламчи маълумотларни мижозларга етказа оладилар. Мижозлар банк операцион залларига ҳужжат тақдим этмасдан киришлари йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг 1 апрелидан хорижий валютанинг олди-сотди операцияларини амалга ошириш ва халқаро тўлов карталаридан пул маблағларини хорижий ва миллий валютадаги муддатли омонатларга ўтказиш, коммунал ва бошқа тўловларни тўлаш, онлайн конверсияни таъминловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобварақларини масофадан туриб бошқариш тизими жорий этилди.

Банк мижозларига янада қулайликлар яратиш мақсадида, келгусида банк филиалларида кредит ажратиш тезкорлигини таъминлаш мақсадида бўлим ва филиаллар кредит қўмиталари ваколатлари кенгайтирилади, бунда бўлим ва филиаллар кредит коммитетлари томонидан мустақил равишда таълим кредитлари, истеъмол кредитлари ва микрокредитлар қисқа муддатларда ажратилиши таъминланади.

Ўзмиллийбанк тизимида жорий йилнинг 1 майига қадар банк хизматлари бўйича белгиланган тарифлар қайта кўриб чиқилиб, кредитлар ажратишда ҳисобланадиган комиссиялар ва жарималар миқдори чегаралаб қўйилади.

Жойларда банк пластик карталари эгаларига сифатли банк хизматини тақдим қилиш мақсадида, узлуксиз ишлайдиган банкоматлар дислокацияси кенгайтирилади ва 2018 йилда ҳудудларга 85 та, 2019 йилда 100 та банкомат ўрнатилади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, банк кўмагида аҳолининг тадбиркорлик қобилияти шаклланиб, кичик бизнес вакиллари иқтисодиётимизни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.

Изоҳ билдириш